Жаҳон - 14:13 · 03.05.2022

Ўзбекистон Сўз эркинлиги индексида 24 ўринга юқорилади

Ўзбекистон «Чегара билмас мухбирлар» халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан тузиладиган Сўз эркинлиги индексининг 2022 йилги рейтингида 24 ўринга юқорилади. 2022 йил учун рейтинг ташкилотнинг расмий сайтида эълон қилинди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, мамлакат индексда 157-ўриндан 133-ўринга кўтарилган. Эътиборли жиҳати рейтингда Ўзбекистон Россия ва Хитой сингари йирик мамлакатларни ортда қолдирган.

Россия матбуот эркинлиги рейтингида 155-ўринга тушиб кетган. Ташкилотнинг ҳисоботига кўра, Россияда «ҳукумат ахборот устидан тўлиқ назорат ўрнатган, оммавий ҳарбий цензурани жорий қилган, оммавий ахборот воситаларини тўсиб қўйган».

Бундан ташқари, ҳисоботда Россия босқинининг биринчи ойида камида беш нафар журналист ва ОАВ ходимлари ўққа тутилиши оқибатида ҳалок бўлгани таъкидланган. Ҳисобот муаллифларига кўра, босиб олинган ҳудудларда Россия армияси «ахборот манбаларини мақсадли нишонга олган ва маҳаллий ОАВни ҳамкорликка мажбурлашга уринган».

Рейтингда дастлабки учликдан Норвегия, Дания ва Швеция жой олган. Сўнгги ўринларда эса Шимолий Корея, Эритрея, Эрон, Туркманистон, Мьянма ва Хитой қайд этилган.

Аввалроқ «Чегара билмас мухбирлар» ташкилоти «матбуот эркинлиги душманлари»нинг янги рўйхатини эълон қилганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятига ташрифи давомида журналистлар билан учрашиб, оммавий ахборот воситаларига бўлган муносабат ҳақида гапирганди.