Ўзбекистоннинг қатор вилоятларида кучли ёмғир ёғиб ўтди — видео
Ўзбекистоннинг бир қатор вилоятларида 3 май куни кучли ёмғир ёғиши кузатилиб, баъзи жойларга сел келди.

Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати маркази томонидан берилган маълумотга кўра, 3-5 май кунлари ёғингарчилик оқибатида Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Жиззах, Навоий, Тошкент, Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларида сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди. Кучли ёмғирлар, хусусан, Қашқадарё вилояти ҳудудида кузатилди.
Вилоятининг айрим ҳудудлари ҳатто сел тошқинлари кузатилган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар беришича, Қашқадарё вилояти Шахрисабз туманида ёғиб ўтган ёғингарчилик тепаликларидан қум аралаш шағалларни ички йўлларга ювиб туширган. Ҳодиса оқибатида аҳоли хонадонлари, уларнинг мулкларига зиён етмаган.
Сурхондарё вилояти Бойсун туманида қисқа муддатли ёмғир ёғиши натижасида туманнинг «Мачай», «Юқори Мачай» ва «Дарбанд» қишлоғида қисқа муддати сел оқими кузатилган. Сел сувлари «Мачай», «Юқори Мачай» қишлоқларининг ички йўлларига ҳамда «Дарбанд» қишлоғи ҳудудидан ўтган М-39 «Тошкент-Термиз» халқаро автомобиль йўлига тошган. Сел сувлари оқибатида аҳоли хонадонлари, итимоий объектлар ва коммуникация тармоқларига зарар етмаган. «Тошкент-Термиз» халқаро автомобиль йўлида транспорт воситалари қатнови тўхтатилмаган.
Шунингдек, Сариосиё тумани тоғли ҳудудининг «Хонжиза» маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи «Хурсандсой» сойида сув ҳажми ортиб, сой четига ўрнатилган 2 дона метал конструкцияли устунлар йиқилишига олиб келган. Айни вақтда ушбу электр устунларини демонтаж қилиш ишлари олиб борилмоқда. Ҳозирда хавфсизлик нуқтаи назардан вақтинчалик электр таъминотидан узилган. Ҳолат «Хонжиза» объект электр таъминотига таъсир кўрсатмаган, фаолиятини узлуксиз давом эттирмоқда.
Шу билан бирга, «Сангардак» сойи тепаликларидан оқиб тушган ёмғир сувлари тупроқ ва қум-шағалларни ички йўлларга оқизиб келган. Йўлларда тўпланган лойқа ва қум-шағаллар махсус муҳандислик техникалари ёрдамида тўлиқ бартараф этилган. Ёғингарчилик оқибатида аҳоли хонадонлари ва уларнинг мулкига зиён етмаган.
Аввалроқ Жиззахда сел келиши оқибатида 4 киши ҳалок бўлгани хабар қилинганди. Шунингдек, вилоят прокуратураси тезкор-қидирув тадбирлари натижасида яна 1 кишининг жасади топилганини маълум қилганди.