Жаҳон - 12:16 · 03.05.2022

Россиянинг яна бир қатор банклари SWIFT тизимидан ўчирилади

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель яна бир нечта Россия банки SWIFT тизимидан узилишини маълум қилди. Бу ҳақда «Риа Новости» хабар берди.

Фото: «Ведемости»

Маълум бўлишича, сиёсатчи Лотин Америкасига ташрифи давомида журналистларга янги чекловлар бўйича изоҳ берган. Чекловлар қайси молиявий ташкилотларга нисбатан жорий этилиши ҳақида маълумот берилмаган.

«Молия секторида кўпроқ Россия банклари SWIFT тизимидан узилади. Қайсилари эканини айта олмайман, лекин шундай бўлади. Энергетика соҳасида эса биз Россия нефти импортига сезиларли таъсир кўрсатадиган чораларни қидирмоқдамиз», — деган Боррель.

Эслатиб ўтамиз, Украинадаги уруш бошланганидан сўнг Европа Иттифоқи Россиядаги жисмоний шахслар, ташкилотлар, мамлакат молия ва энергетика секторига қарши бешта санкция пакетини қабул қилди. Ҳозирги кунда уларнинг олтинчиси муҳокама қилинмоқда. Россия расмийлари эса янги санкцияларни иқтисодий уруш деб атаган ва улар воқеаларнинг бундай ривожланишига тайёр эканини таъкидлаган.

Аввалроқ Швейцария Федерал кенгаши Россия ва Беларусга қарши янги санкциялар жорий қилганди. Шунингдек, Россия санкциялар фонида иқтисодиётини неча йилда тиклаши прогноз қилинганди.