Жамият - 22:31 · 03.05.2022

Шавкат Мирзиёев Ички ишлар вазирлигининг Ситуацион-таҳлилий марказига ташриф буюрди

Шавкат Мирзиёев 3 май куни Ички ишлар вазирлигининг Ситуацион-таҳлилий марказида бўлди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум бўлишича, мажмуа ички ишлар органларининг куч ва воситаларини ахборот технологиялари асосида бошқаришга ихтисослашган. Замонавий бино қурилиб, 554 террабайт хотирага эга 18 та сервер, катта ҳажмли кузатув экрани, компьютерлар билан жиҳозланган.

Марказда «102» тизими, видеокузатув камералари, интернет ва бошқа манбалардан келиб тушаётган маълумотлар автоматлашган тарзда йиғилади ва қайта ишланади. Қоидабузарлик автотранспортнинг давлат рақами ёки шахснинг юз қиёфаси орқали тезкор аниқланиб, қидирув ташкил этилади. Бу тизим сунъий интеллект ёрдамида ишлайди. Марказ бутун Ўзбекистонда жамоат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, ташриф давомида Президент марказдаги шароитларни кўздан кечирган, иш тизими билан танишган. Бу ерда барча ҳуқуқ-тартибот идоралари ва шошилинч хизматлар маълумотларини интеграция қилиш зарурлигини таъкидланган.

«Бу катта иш. Лекин қамров ва тезкорликни ошириш керак. Одамлар қачон ўзини хавфсиз, эркин сезади? Қачон турист кўпаяди? Жиноятчилик йўқ бўлса, хавфсизлигига ишонса, кўчада тартибдан тозаликкача — ҳаммаси таъминланган бўлса. Бунинг учун барча ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотларини бир муштдек интеграция қилиш керак. Бу интеграция кириб борган ҳар бир тармоқ ходимларининг дунёқарашини ўзгартириш зарур, — деган Шавкат Мирзиёев.

Ташрифда, шунингдек, ахборот технологиялари бўйича олий ўқув юртларида бу тизим учун кадрлар тайёрлаш, туман ва шаҳар ички ишлар бўлимларида замонавий технологиялар билан ишлайдиган таҳлилчилар фаолиятини ташкил этиш муҳимлиги таъкидланган. Ички ишлар тизимида «инсон омилини истисно этувчи» электрон навбат, масофадан мурожаат каби онлайн хизматларни кенг жорий этиш вазифаси қўйилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маҳаллаларда ижтимоий муаммоларни таҳлил қилиш, профилактика инспекторларининг кунлик иш фаолиятини режалаштириш ва мониторинг қилиш бўйича электрон тизим йўлга қўйиш топшириғи берилган. Шу ерда Самарқанд вилоятида «Хавфсиз туризм» дастури доирасида йўлга қўйилган тизим намойиш қилинган. Давлат раҳбари ички ишлар тизимида қўлланилаётган замонавий техника ва янги хизмат кийими намуналарини ҳам кўздан кечирган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида янги транспорт иншооти билан танишганди. Шунингдек, президент 21 апрель куни Косон туманидаги «Ишга марҳамат» мономарказини бориб кўрган.