Жамият - 19:51 · 03.05.2022

Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида янги транспорт иншооти билан танишди

Шавкат Мирзиёев 3 май куни Тошкентдаги янги транспорт иншоотини бориб кўрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум бўлишича, иншоот қурилиши 2020 йил августда бошланган. Лойиҳа доирасида 6,5 километр узунликдаги 6 тасмали автомобиль йўли, 6 та кўприк қурилган. Бу орқали Сергели туманидаги Қипчоқ кўчаси Яккасарой туманидаги Чўпонота ва Усмон Носир кўчалари билан боғланган.

Қайд этилишича, шу пайтгача Сергели туманидан шаҳар марказига келиб-кетадиган автомобиллар асосан битта йўл – Янги Сергели кўчаси орқали ҳаракатланган. Соатига 4 мингта автотранспорт қатновига мўлжалланган бу йўлда аслида юклама бундан катта бўлиб, шу сабабдан эрталаб ва кечки пайтларда жуда тирбанд бўлган. Янги қурилган йўл соатига 12 мингтагача автотранспортни ўтказиш қуватига эга.

Фото: Президент матбуот хизмати

Кўприклар, уларга чиқиш-тушиш қисмлари лойиҳалаштирилиб, мавжуд йўлларга светофорсиз уланган. Натижада автотранспортлар бошқа йўллардаги қатновга тўхтовсиз, қулай тарзда қўшилиб кетиши имконияти яратилган. Шунингдек, янги йўл очилиши натижасида ҳавога зарарли газ чиқиши 3 баробарга камайиши айтилган. Йўл бўйларига энергия тежамкор ёритгичлар, узум ишкомлари ўрнатилган. Бўш майдонлар кўкаламзорлаштирилиб, пиёдалар йўлаги ва велойўлакчалар ташкил этилган.

Шу ерда Тошкент шаҳрида автомобиль йўллари қуриш ва шаҳар транспорт тизимини такомиллаштириш таклифлари тақдимоти ўтказилган. Бугун очилган йўлни давом эттириб, Сергели туманини айланиб ўтувчи ҳалқа йўлигача 6 километрлик йўл барпо этиш лойиҳаси маъқулланган. Давлат раҳбари йўлларнинг ўтказувчанлик қобилиятини оширишга кўпроқ эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлаган.

«Ҳамма жойда йўл қуриб ёки кенгайтириб бўлмайди. Кўп нарса қатновни тўғри ташкил этишга ҳам боғлиқ. Энди йўлларнинг, чорраҳаларнинг ўтказувчанлигини ошириш, рақамлаштириш орқали аҳолига қулайлик яратиш керак», — деган Шавкат Мирзиёев.

Президент шу ерда тошкентлик нуронийлар, жамоатчилик фаоллари билан суҳбатлашган.

«Миллий қадриятимизга кўра, йўл ва кўприк қуриш — савоб. Одамларнинг узоғини яқин қиладиган бу йўл ҳозирги улуғ айём кунларида очилаётгани ҳам қувонарли. Илгари ‘Сергелида 10 та уй қурса бўладими’ деганда ҳеч ким ишонмасди. Охирги беш йилда Сергели ва Янгиҳаёт туманларида 800 га яқин кўп қаватли уйлар қурилди, қарийб 100 минг аҳоли бошпанали бўлди. Мана энди йўллари ҳам ривожланяпти. Ҳозир мутахассислар билан кейинги лойиҳалар бўйича ҳам маслаҳатлашиб олдик. Уларни вақти билан, меҳнатимиз билан, тинчлик-осойишталикда амалга ошира оламиз» — деган давлат раҳбари.

Фото: Президент матбуот хизмати

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Янги Ўзбекистон университети қурилиши билан танишганди. Шунингдек, Президент Янги Ўзбекистон кўчасидаги қурилиш лойиҳалари тақдимоти билан танишгани хабар қилинган.