Жамият, Тошкент ш. - 22:14 · 03.05.2022

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ўтказган тендерда яқин ўтмишда ҳоким билан боғлиқ бўлган компания ғалаба қозонди

«E.tender.uzex» порталида 30 апрель куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошидаги «Ягона буюртмачи хизмати» ИК томонидан 10 та тендер эълон қилинди. Шулардан 8 таси 29 апрель куни соат 9:34 дан 9:50 га қадар кўриб чиқилган бўлиб, уларнинг барчасида «Allegro Develop Project» компанияси ғалаба қозонган.

Фото: «Bugun.uz»

«Allegro Develop Project» компаниясининг Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқҳўжаевга тегишлилиги ҳақида 2022 йилнинг февраль ойида «Газета.uz» нашри хабар берган эди. Мақолада қайд этилишича, реконструкция қилинганидан 6 ой ўтиб чўкиб қолган Аҳмад Дониш кўчасининг лойиҳалаштирилиши айнан шу компания томонидан амалга оширилган.

Шунингдек, ушбу муассаса велосипед йўлаклари, Фарғона йўли кўчаси, Сергели туманига олиб борувчи янги автойўл ва бошқа лойиҳаларни ҳам ишлаб чиққан.

Февраль ойида («Газета.uz»да мақола эълон қилинган вақтда) «Allegro Develop Project» таъсисчиси Жўрахўжаев Жасурхўжа Баҳодирхўжа ўғли бўлган, аммо кейинроқ таъсисчи ва раҳбар ўзгартирилган. Жўрахўжаев Жасурхўжа ҳозирда «Durable Management» таъсисчиси бўлган «Constant Chemicals» раҳбари ҳисобланади. «Durable» бренди аввалроқ Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев таъсисчилигидаги «J-United Group»га тегишли бўлган.

Скрин: «Газета.uz»
Скрин: «Stat.uz»

«Allegro Develop Project» ютиб олган 8 та тендернинг умумий қиймати 5 миллиард 870 миллион сўмни ташкил этади. Тендер талаби бўйича компания Тошкентнинг маълум кўчаларини реконструкция қилиш ишларини лойиҳалаштириши керак. Қуйида айнан қайси кўчалар бўйича тендер ютиб олингани бўйича батафсил маълумот олишингиз мумкин.

 

Эслатиб ўтамиз, 13 апрель куни Жаҳонгир Ортиқхҳжаев ўн кунда асосий кўчаларда бирорта чуқур қолмаслиги кераклигини таъкидлаб, пойтахтдаги асосий автомобиль йўлларини қисқа муддатда таъмирлаш бўйича топшириқ берганди.

Bugun — LIVE