Жаҳон - 17:57 · 03.05.2022

Украина ҳукумати NATO’га қўшилиш ниятидан қайтмагани маълум бўлди

Украина бош вазирининг Европа ва Евроатлантика интеграцияси бўйича ўринбосари Олга Стефанишина мамлакат ҳукумати NATO’га қўшилиш ниятидан қайтмаганини маълум қилди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар берди.

Фото: «Слово и дело»

Маълум бўлишича, сиёсатчи бу ҳақда Испаниянинг «El Pais» газетасига берган интервьюсида гапирган. Унинг сўзларига кўра, Киев альянсга қўшилишни «рад этмаган ва кечиктирмаган». Шу билан бирга, сиёсатчи NATO’нинг Украинага нисбатан беқарорлигини танқид қилган.

«NATO’нинг Украина бўйича ҳисоботлари бироз умидсиз кўриниш олди ва, албатта, биз кўпроқ нарсани кутгандик», — деган Стефанишина. Сиёсатчи мамлакат президенти Владимир Зеленскийнинг танқид қилишга тўлиқ ҳуқуқи борлигини ҳам қўшимча қилган.

26 апрель куни АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин Фох Украинанинг Иттифоққа кириши масаласи ҳозирча кўриб чиқилмаётганини айтганди. Шу билан бирга, у аввалроқ Украина Шимолий Атлантика иттифоқига аъзо бўлишга интилишда давом этишини айтган.

Аввалроқ NATO Россиянинг альянс мамлакатларига эҳтимолий ҳужумига тайёрланаётгани хабар қилинганди. Шунингдек, NATO бош котиби Йенс Столтенберг ташкилот Украина осмонини ёпмаслиги ва мамлакатга аскар юбормаслигини маълум қилган.