Жамият, Навоий - 10:03 · 03.05.2022

Харобага айланган сарой: Карманадаги Мирзачорбоғ эътибордан четда қолмоқда

Навоий вилояти Кармана туманидаги Мирзачорбоғ саройи Бухоро амири Абдулаҳадхон томонидан 1900–1905 йилларда қурдирилган.

Фото: «Bugun.uz»

Мирзачорбоғнинг қурилишида меъмор Абдураҳим Турдимурод ўғли Ғазғоний раҳбарлик қилган, ўша даврнинг номдор ганчкор устаси Ширин Муродов ҳам иштирок этган.

Сарой 1942–45 йилларда поляк ҳарбийларига казарма сифатида берилган, кейин пиллачилик идораси бўлган, 80 йилларгача яхши ҳолатда сақланган, 1983 йилдан кейин қаровсиз ҳолга келган.

Фото: «Bugun.uz»

Маҳаллий аҳолига кўра, 2000 йилларда саройга халқ томонидан катта зарар етказилган, эшик, деразалари, йўғон тарихий устунлари ташиб кетилган. 2017 йилда ҳовлисида жойлашган ёғоч айвон бузиб, олиб кетилган.

Боғ қисми тадбиркорларга сотилган, майдони анча қисқартирилган. Ҳатто бир тадбиркор саройни бузиб, ўрнига хусусий боғча ҳам очмоқчи бўлган.

Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»

Мирзачорбоғ саройи Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги қарорига асосан тасдиқланган маданий мерос объектлари миллий рўйхатига киритилган. Ҳужжатда Кўҳна Қўрғон маҳалласидаги ушбу обида Навоий вилояти маданий мерос бошқармаси бошқаруви остида экани айтилади.

Скрин: «Static.norma.uz»

Навоий вилояти ҳокимлиги, Маданий мерос бошқармаси, Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Маданият вазирлиги ҳамда Маданий мерос агентлиги ушбу мақолада келтирилган маълумотларни эътиборга олиб, Мирзачорбоғ саройини давлат муҳофазасига олади, деган умиддамиз.