Жаҳон - 20:20 · 04.05.2022

Афғонистонда афюн ўрнини эгаллаган гиёҳванд модда маълум бўлди

Афғонистонда «Толибон» афюнни тақиқлагандан кейин метамфетамин унинг ўрнини эгаллади. Бу ҳақда «The Washington Post» хабар берди.

Фото: «Undark Magazine»

Мамлакатда юзлаб дори лабораториялари пайдо бўлган сўнгги 6 йил ичида бу тенденция кучайиб бормоқда. 2018 йилдан 2019 йилгача мусодара қилинган маҳсулот ҳажми 6 баробар ошган. «Толибон» тақиқига қарамай, уларнинг сони тобора кўпайиб бормоқда. Бунга мамлакатда метамфетаминнинг асосий таркибий қисмларидан бирининг аниқлангани сабаб бўлган. Афғонистонда гиёҳванд модданинг ярим килоси 250 долларга сотилса, Европада у ўн минглаб долларга баҳоланган.

Маҳаллий аҳолидан бири «Толибон» Ғани ҳукумати каби гиёҳванд моддани расман тақиқласа-да, лекин амалда яширин бизнесни эътиборга олмаслигини айтган.

Таъкидланишича, аҳолининг ҳалигача бошқа даромад манбаи йўқ, «Толибон» эса гиёҳванд моддалар савдогарлари ҳисобига бюджетга етарли миқдорда пул олади. Ҳозирда метамфетамин Эрон ва Покистонга афюн йўли билан экспорт қилинаётгани қайд этилган.

Маълумот ўрнида, метамфетамин қарамликни кучайтирувчи психостимулятор бўлгани учун гиёҳванд модда сифатида таснифланади. Ғарбда ундан тиббиётда чекланган ҳолда фойдаланилади.

Аввалроқ «Толибон» гиёҳвандларни қандай даволаши кўрсатилганди. Шунингдек, «Толибон» кўкнори етиштиришни тақиқлаши фонида унинг нархи 2 баробарга ошганди.