Жаҳон - 10:14 · 04.05.2022

Беларусда ҳарбий кучларни тўсатдан текшириш бошланди

Беларусь армиясида реакция кучларини тўсатдан текшириш бошланди. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазирлиги маълум қилди.

Фото: «БЕЛТА»

Келтирилишича, ҳарбий қисмлар ва бўлинмалар жанговар шайлик, белгиланган ҳудудларда маршлар ўтказиш ва жанговар тайёргарлик вазифаларини ишлаб чиқиши керак. Текширувдан мақсад ҳарбийларнинг инқирозли вазият юзага келганда тезкор жавоб бериш қобилиятини баҳолашдан иборат.

«Ҳарбий қисмлар ва бўлинмалар тез ўзгарувчан шароитда номаълум ҳудудларда ҳаракатлар олиб боради», дея қўшимча қилган вазирлик. Хабарда айтилишича, текширувга жалб қилинган кучлар таркиби босқичма-босқич оширилиб, бу уларнинг ҳарбий таҳдидларга ҳам қуруқликда, ҳам ҳавода қарши туриш қобилиятини синаб кўриш имконини беради.

«Текширув кенг қамровли бўлиб, унда ҳарбий қисмларнинг жанговар ҳаракатлари учун қулай шароит яратувчи тизимларга катта эътибор қаратилади», дейилади хабарда.

Шунингдек, бундай тадбирлар қўшинларни тайёрлашнинг энг самарали шаклларидан бири экани, улар бутун Европа ҳамжамиятига ҳам, хусусан қўшни давлатлар учун ҳам ҳеч қандай хавф туғдирмаслиги таъкидланган. Маълум миқдордаги ҳарбий техникани олиб ўтиш ишлари ҳаракатланишни қийинлаштириши мумкинлиги қайд этилган.

Аввалроқ Беларусь Украинада «махсус операция» олиб боргани маълум қилинганди. Шунингдек, Беларусь Украина билан чегарага 150 га яқин вертолёт жойлаштиргани ҳақида хабар берилган.