Жаҳон - 13:27 · 04.05.2022

Беларуснинг биринчи президенти Станислав Шушкевич вафот этди

Мустақил Беларуснинг биринчи президенти, республика Олий кенгашининг собиқ раиси, Беловеж келишуви муаллифларидан бири Станислав Шушкевич 87 ёшида вафот этди. Бу ҳақда «Еврорадио» хабар берди.

Фото: «РИА Новости»

Сиёсатчининг ўлимини унинг рафиқаси тасдиқлаган. Мархум апрель ойида коронавирус билан касалланган ва жонлантриш бўлимида бўлган. Лекин тез орада реанимациядан чиқарилган.

Станислав Шушкевич 1934 йилда Минскда туғилган. Беларусь давлат университетини тамомлаган. 1989 йилда СССР халқ депутатлигига номзод қилиб кўрсатилган ва сайловларда ғалаба қозонган. 1991 йилда Беларусь Олий Кенгашининг раиси сифатида у СССР парчаланганини эълон қилган Беловеж келишувини имзолаган.

1994 йил бошида у Олий Кенгаш раиси лавозимидан четлаштирилган. 1994 йилда Шушкевич Беларусдаги биринчи президентлик сайловларида иштирок этган ва тўртинчи ўринни эгаллаган (9,91 фоиз), сайловда Александр Лукашенко ғалаба қозонган. 1995 йилда у Беларусь Олий Кенгашига қайта сайланган, «Фуқаролик ҳаракати» фракциясининг аъзоси бўлган. 2001 йилда ўз ваколатлари тугагунига қадар Олий Кенгаш фаолиятида иштирок этган.

Шушкевич Конституциявий судга Александр Лукашенконинг импичменти ҳақидаги баёнотни имзолаган ва президент сиёсатини очиқдан-очиқ танқид қилган. Узоқ вақт давомида у Беларусь социал-демократик партиясини бошқарган.

Аввалроқ Россия Либерал-демократик партияси етакчиси Владимир Жириновский вафот этгани маълум қилинганди.