Жамият, Жаҳон - 21:03 · 04.05.2022

Бугун оқшоми. Афғонистон билан чегарадаги рад этилган «отишма», «тонировка» учун тўловни бекор қилиш таклифи, Россиядаги ёнғинда вафот этган икки ўзбекистонлик

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Ўзбекистонда жисмоний шахсларга криптовалюта майнинги тақиқланди. Юридик шахсларга алоҳида талаб бор.

Фото: «Getty Images»

Президентнинг тегишли фармони билан жисмоний шахсларга криптовалюта майнинг қилиш (ишлаб чиқариш) тақиқланди. Аммо қуёш фотоэлектр станцияси ишлаб чиқарадиган электр энергиясидан фойдаланган ҳолда криптовалютани фақат юридик шахс майнинг қилиши мумкин. Агар улар ягона электр энергетика тизимига уланган бўлса, унда:

  • истеъмол қилинган энергия учун тўлов белгиланган тарифга икки баравар коэффициент ёрдамида амалга оширилади;
  • электр энергияси энг юқори даврда истеъмол қилинганда тегишли тарифларга қўшимча тўловлар қўлланилади;
  • фойдаланилган электр энергиясини ҳисобга олиш алоҳида ўлчаш мосламасини ўрнатиш билан амалга оширилади.

Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларида кучли сел келди. Жиззаxда уйлар ва йўлларни сув босди.

Қашқадарё, Жиззах ва Сурхондарё вилоятларида 4 май куни кучли сел кузатилди. Табиий ҳодиса оқибатида бир қатор йўллар ва чорва молларига зарар етган.

Фото: Деҳқонобод тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Қашқадарёнинг Деҳқонобод туманидаги тоғли қишлоқлари Белибойли ва Бошчорбоғда аввалига дўл ёғиб, ундан кейин сел келган. Сурхондарёнинг Сариосиё туманида ҳам кучли сел кузатилган. Cангардак ва Хурсандсой сойида кузатилган селда машина, симёғоч ва чорва моллари оқиб кетган.

Жиззах вилояти Зомин туманида ҳам кучли сел кузатилган. Ҳодиса оқибатида сел сувлари Жиззах–Зомин автомобиль йўли остида ўрнатилган қувурларга сиғмасдан йўлга сизиб чиққан. Ушбу оқимларда Қонғли қишлоғида яшовчи 20 ёшли фуқаро оқиб келган, сўнг уни ФВВ ходимлари қутқариб қолган, унга ҳеч қандай тан жароҳати етмаган.

Фото: Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Ҳокимнинг «шохи» йўқ: Қамаши тумани ҳокимининг хизмат машинаси рухсатсиз «тонировка» учун жарима майдончасига жойлаштирилди.

Қашқадарё вилоятида 70 021 DAV давлат рақам белгили «Lacetti» ён ойналарининг туси қорайтирилган ва маёқчалар ўрнатилган ҳолда ҳаракатлангани аниқланди. Ҳайдовчи (балки ҳокимиятдаги бошқа амалдор) тегишли рухсатномасиз автомашина олд қисмига кўк-қизил ёнувчи маёқчалар ўрнатгани ҳамда ён ойналарнинг туси тегишли рухсатсиз қорайтирилгани маълум бўлган ва жарима майдончасига жойлаштирилган.

Автоблогер Мақсуд Музаффаровга кўра, машина Қамаши тумани ҳокимига тегишли ҳисобланади. Таъкидланишича, ҳоким шу «Lacetti»дан хизмат автомашинаси сифатида фойдаланади.

Бу орада эса «тонировка» учун тўловни бекор қилиш ёки камайтириш таклиф қилинди.

«Менинг фикрим» жамоавий мурожаатлар порталида 3 май куни автомобиль ён ойналари тусини ўзгартириш тартибига қатор ўзгартиришлар киритиш тўғрисида мурожаат жойланди. Унда «тонировка»га рухсатнома олиш суммасини кескин қисқартириш, уни 3, 6, 9 ва 12 ойлик муддатли қилиш ҳамда тўловни ушбу давр мобайнида тўлаш имконияти яратилиши сўралган.

Агар ушбу таклифни қўллаб-қувватласангиз, платформага ўтиб, овоз беришингиз мумкин.

Ўзбекистон–Афғонистон чегарасида отишма содир бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. ТИВ буни рад этди.

Фото: «Bugun.uz»

Ташқи ишлар вазирлиги икки давлат чегарасида 4 майга ўтар кечаси тишма содир бўлгани, унда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ҳалок бўлгани ҳақида тарқалган хабарларни рад этди.

«Шуни маълум қиламизки, тарқатилган хабарлар умуман ҳақиқатга тўғри келмайди. Чегарада вазият осойишталигича қолмоқда, жанубий сарҳадларни қўриқлаш одатдаги тартибда олиб борилаётир.

Афғонистон Муваққат ҳукумати расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид ҳам турли интернет нашрларида пайдо бўлган мақолаларни ёлғон ва асоссиз деб атади», дейилади муносабатда.

Шунингдек, вазирлик ОАВдан асоссиз маълумотларни тарқатмасликни сўради. Биз ҳам шунга ҳаракат қиламиз. Доим ҳар қандай тарқалган (айниқса, таҳликали) хабарларни текшириб, манбалардан аниқлаштиришга ҳаракат қиламиз. Шу ўринда вазирликдан шундай ҳолатларда тезкорлик ва аниқлик билан ҳақиқий маълумотни омма(вий ахборот воситалари)га етказиб беришини сўраймиз. Шунда аҳоли ҳеч қандай ваҳима уйғонмайди, деб ўйлаймиз.

Хўш, оламда нима гап?

Россиядаги кўп қаватли уйларда хонадон эгаси сигаретни ўчирмасдан ухлаб қолгани сабабли ёнғин келиб чиқди. Оқибатда икки нафар ўзбекистонлик вафот этди.

Кадр: Telegram / @bugunuzlive

Москва вилоятининг Митиши шаҳрида 3 май куни кўп қаватли уйлардан бирида сигарета қолдиғи ўчирилмагани оқибатида ёнғин чиқди. Хонадон эгаси 4-қаватдан сакраб, икки нафар Ўзбекистон фуқароси ( 46 ёшли Илҳом Маҳмудов ва 35 ёшли Элёр Абдуғапорович) эса лифтда ҳаво етишмаслиги туфайли ҳалок бўлган. Улар Россияда расмий меҳнат фаолиятини амалга ошириб келгани аниқланган.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хабарига кўра, ҳозирда ҳолат нозоратга олинган. Марҳумларнинг жасадларини Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Ўзбекистонга қайтариш чоралари кўрилмоқда.

Чет эл тажрибасини ўрганиш учун узоққа бориш шарт эмас. Қирғизистонда аҳолига Ғалаба куни «Z» ва «V» белгиларидан фойдаланмасликни тавсия қилинди. Аввалроқ бу учун жарима қўлланган.

Фото: Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги аҳолини Ғалаба кунида Россия «ҳарбий операцияси»га боғлиқ рамзлардан фойдаланмасликка чақирди. Мамлакатда ҳарбий кийим-кечак сотувчи ёки ижарага берувчи йирик савдо шохобчалари эгалари, шунингдек, 9 май куни бўлиб ўтадиган «Ўлмас полк — Қирғизистон» юриши ташкилотчилари билан тушунтириш ишлари кучайтирилган.

Қирғизистон ИИВ автомашиналарга «Z» ва «V» белгиларини ёпиштириш билан боғлиқ учта факт аниқлаган ва улар 5500 қирғиз соми (тахминан 746 минг сўм) миқдорида жарима тортилган.

«Қирғизистонда бундай рамзлардан фойдаланишни тақиқлаш бўйича расмий қарор қабул қилинмаган. Ички ишлар вазирлиги мамлакат ҳудудида 80 дан ортиқ миллат вакиллари истиқомат қилаётганини инобатга олиб, фуқароларга миллатлараро адоватни қўзғатувчи ва низоларга олиб келадиган ҳар қандай рамз, кўкрак нишони тақмасликни тавсия қилади. Мазкур ҳаракатлар учун Қирғизистон қонунчилигига мувофиқ жавобгарлик белгиланган», дейилади хабарда.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.