Жамият, Жиззах - 17:32 · 04.05.2022

Жиззахда кучли сел оқибатида уйлар ва йўлларни сув босди — фото

Жиззах вилояти Зомин туманининг тоғли ҳудудларида 4 май куни кучли ёғингарчилик кузатилди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳолат юзасидан маълумот берди.

Фото: Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Қайд этилишича, ёғингарчиликдан сўнг туманнинг Пешағор, Аччи ва Шўрча қишлоқларидан ўтган сойлардан сел сувларининг оқиши кузатилган. Ҳодиса оқибатида сел сувлари Жиззах–Зомин автомобиль йўли остида ўрнатилган қувурларга сиғмасдан, ушбу йўлнинг 25, 26, 27-километрлари устидан тошиб, яна сой ўзани бўйлаб оқиб ўтган.

Фото: Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Зудлик билан воқеа жойига етиб борган ФВВ қутқарувчилари сувда оқиб келаётган Қонғли қишлоғида яшовчи 20 ёшли фуқаро Э.Н.ни қутқариб олган. Ҳозирда ушбу фуқаронинг аҳволи яхши, тан жароҳати олмаган.

Фото: Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Сел оқими оқибатида аҳоли томорқалари, ҳовлилари ва ички кўчаларда сув тошиши ҳолатлари кузатилган. Воқеа жойида вилоят ФВБ раҳбарияти бошчилигида қутқарувчилар тегишли хизматларнинг куч ва воситалари томонидан сел сувлари тошган кўчалар, аҳоли хонадонлари ўрганилмоқда, йўлларда хавфсизлик ЙҲХ хизмати томонидан назоратга олинган.

Фото: Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Аввалроқ Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида кучли сел кузатилганди. Табиий ҳодиса оқибатида бир қатор йўллар ва чорва молларига зарар етган.