Жаҳон, Сиёсат - 22:56 · 04.05.2022

Лабларини тикиб олган намойишчи қиз, Украинанинг мақсадини айтган Зеленский ҳамда «Азовсталь»дан эвакуация қилинаётган одамлар

Россия қўшинларининг Украина ҳудудларига бостириб кириши ортидан бошланган уруш 24 февралдан буён давом этмоқда. Қуйида 4 май куни содир бўлган можарога алоқадор асосий янгиликларни тақдим этамиз.

Фото: «AP»

Бир неча ҳафта давомида бункерларда яширинаётган одамлар «Азовсталь»дан эвакуация қилина бошланди. Россия ҳали ҳам тинч аҳоли қолаётган заводга зарба беришни давом эттирмоқда.

3 май куни кечқурун Мариуполдаги рус қўшинлари томонидан тўсиб қўйилган «Азовсталь» заводидан эвакуация қилинган одамлар Запорожьега етиб келгани маълум қилинди.

Владимир Зеленский «The Wall Street Journal» директорлар кенгаши саммитида Украинанинг асосий мақсади ҳудудий яхлитликни, жумладан Қримни тиклаш эканини айтди.

Кадр: YouTube / Wall Street Journal

Украина президенти ўз нутқида, шунингдек, Россия компенсация тўлаши кераклигини айтган. «Россия Украинани тиклашда ўз ролини ўйнаши керак, шу билан бирга, бутун Европа ва Ғарбнинг қўллаб-қувватлаши зарур» — деган Зеленский.

Бу орада Беларусь армиясида реакция кучларини тўсатдан текшириш бошланди. Келтирилишича, ҳарбий қисмлар ва бўлинмалар жанговар шайлик, белгиланган ҳудудларда маршлар ўтказиш ва жанговар тайёргарлик вазифаларини ишлаб чиқиши керак.

Шунингдек, бундай тадбирлар қўшинларни тайёрлашнинг энг самарали шаклларидан бири экани, улар бутун Европа ҳамжамиятига ҳам, хусусан қўшни давлатлар учун ҳам ҳеч қандай хавф туғдирмаслиги таъкидланган.

Мариуполдан эвакуация қилинганлардан иборат янги автобус карвони жўнаб кетди. Бу ҳақда Донецк маъмурияти раҳбари Павел Кириленко хабар берди. Унга кўра, карвон Токмак, Василевка ва Луначарскийда тинч аҳолини олиб кетиш учун тўхтайди.

Кириленко Мариуполдан келаётган автобусларда қанча одам борлиги ва уларнинг бирортаси «Азовстал»да бўлган ёки йўқлиги тўғрисида маълумот бермади.

Львовда 3 май кунги ракета зарбаларидан кейин ўчиб қолган электр таъминоти тикланди. Бу ҳақда «CNN» шаҳар мери ўринбосари Сергей Киралга таяниб, хабар берди.

Херсонда интернет ва украин мобил алоқаси ишлай бошлади. Николаев вилоят раҳбари интернет ишлашда давом этишига умид қилмоқда.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков 9 майда Россия Украинага қарши уруш эълон қилиши ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.

Владимир Путин Ғалаба куни умумий сафарбарлик эълон қилиши ҳақида хабарлар тарқалган. Песков Ғарб сиёсатчилари ва хорижий ОАВ томонидан тарқалаётган мазкур хабарларни ҳақиқатга зидлигини айтиб, беъмани деб баҳолаган.

Россиянинг Екатеринбург шаҳрида қиз лабларини тикиб олган ҳолда Украина урушига қарши норозилик уюштирди. «Лаблар чиндан ҳам игна ва ип билан тикилган. Зарарни текшириш ва ипларни олиб ташлаш учун бўлимга тез ёрдам чақирилди», — дейилади хабарда.

Украинанинг Черкасси, ​​Запорожье, Николаев ва Днепропетровск ҳудудларига ракета зарбалари берилди. Днепр мэри Борис Филатов шаҳар марказига ракета зарбаси берилганини маълум қилди.