Сиёсат - 17:00 · 04.05.2022

Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари бир-бирини Рамазон ҳайити билан табриклади

Шавкат Мирзиёев 4 май куни Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, етакчилар муқаддас Рамазон ҳайити билан бир-бирини самимий қутлаб, мамлакатларимизнинг биродар халқларига тинчлик-осойишталик, бахт-саодат, фаровонлик ва равнақ тилаган.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган. Олий даражадаги музокаралар якунида қабул қилинган битимлар ва эришилган келишувларнинг амалга оширилиши батафсил муҳокама қилинган.

Амалий ҳамкорликни кенгайтириш, шу жумладан ўзаро савдо ҳажмини ошириш, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт соҳалари ва бошқа йўналишларда устувор кооперация лойиҳаларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилган.

Давлат раҳбарлари ҳудудлар ўртасидаги фаол мулоқотларни ва маданий-гуманитар алмашинувни давом эттириш зарурлигини таъкидлаган. Ўзаро лойиҳалар ва кўп қиррали ҳамкорлик дастурларини жадаллаштириш учун икки мамлакат ҳукуматлари даражасида мунтазам учрашувлар ўтказиш ва мувофиқлашувни кучайтириш муҳим экани қайд этилган.

Бундан ташқари, минтақавий кун тартибининг долзарб жиҳатлари юзасидан фикр алмашилган, бўлажак икки ва кўп томонлама тадбирлар режаси кўриб чиқилган. Ўзбекистон ва Тожикистон президентларининг телефон орқали мулоқоти ҳар доимгидек ишонч ва дўстлик руҳида ўтган.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 2 май куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан телефон орқали мулоқот қилганди. Давлат раҳбарлари суҳбат давомида Рамазон ҳайити муносабати билан бир-бирини ва мамлакатларнинг биродар халқларини табриклаганди.