Жамият - 8:02 · 04.05.2022

Ўзбекистонда ички саёҳатлар харажатларининг бир қисмини қайтариш тартиби жорий этилади

Ўзбекистонда ички саёҳатларни амалга ошириш харажатларининг бир қисмини қайтариш тартиби жорий этилади. Президент буни назарда тутувчи қарорни имзолади.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, 2022 йил 1 июндан бошлаб «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастури доирасида жамоа шартномаларига иш берувчилар томонидан ходимлар учун йилига бир маротаба маҳаллий саёҳатга чиқиш имконини яратиш қоидалари киритилади.

Шунингдек, саёҳат харажатларининг бир қисми иш берувчиларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қоплаб берилади.

Бундан ташқари, 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари учун республика ҳудудлари бўйлаб ички саёҳатларни амалга ошириш харажатларининг бир қисмини қайтариш тартиби жорий этилади. Саёҳат харажатларини қайтариш ички саёҳатларни режалаштириш ва маблағларни қайтариш ҳамда «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастури доирасида тақдим қилинадиган чегирмалар, тайёр туристик пакетларни мустақил шакллантиришни назарда тутувчи электрон платформа, шу жумладан, унинг мобиль иловаси орқали амалга оширилади.

Саёҳат харажатларини қайтариш саёҳат қилиш давомида бир вақтнинг ўзида қуйидагилар назарда тутилганда амалга оширилади:

  • авиа, темир йўл ва (ёки) автомобиль транспортидан фойдаланиш;
  • жойлаштириш воситалари хизматларидан фойдаланиш;
  • маданият ташкилотларига ташриф буюриш.

Саёҳат харажатларини қайтариш ҳар бир туристга қуйидаги миқдорларда амалга оширилади:

  • авиақатнов орқали бориб-келиш чиптаси нархининг 15 фоизи, лекин 150 минг сўмдан ошмаган миқдорда;
  • темир йўлда ёки автобусда бориб-келиш чиптаси нархининг 15 фоизи, лекин 80 минг сўмдан ошмаган миқдорда;
  • жойлаштириш воситасида тунаб қолиш харажатининг 15 фоизи, лекин 80 минг сўмдан ошмаган миқдорда;
  • театр, музей, цирк ва бадиий галереяларга ҳар бир ташриф чиптаси нархининг 50 фоизи, лекин 20 минг сўмдан ошмаган миқдорда.

Саёҳат харажатлари фақатгина Платформа орқали амалга оширилган ички саёҳатлар учун унинг якуни билан маҳаллий туристларнинг банк карталарига қайтарилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда ички туризмни ривожлантирувчи субсидия учун аризалар тартиби белгиланганди. Шунингдек, мамлакатда зиёрат туризмига сайёҳларни жалб қилиш учун қанча маблағ ажратилгани очиқланганди.