Жамият - 18:06 · 04.05.2022

Ўзбекистонда «тонировка» учун тўловни бекор қилиш ёки камайтириш таклиф қилинди

«Менинг фикрим» жамоавий мурожаатлар порталида 3 май куни автомобиль ён ойналари тусини ўзгартириш тартибига қатор ўзгартиришлар киритиш тўғрисида мурожаат жойланди. Бу ҳақда депутат Расул Кушербаев хабар берди.

Фото: «Avtosteklaspb.com»

Маълум бўлишича, мурожаат Telegram’даги «Ўзбекистон йўл ҳаракати қатнашчилари» каънали маъмурияти томонидан жойланган. «Умид қиламизки, таклифимиз модераторлар томонидан текширилгандан сўнг, порталда эълон қилинади ва Олий Мажлис палаталари ёки Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари томонидан кўриб чиқилади», дейилади жамоавий мурожаатда.

Муаллиф Ботир Бахронов «тонировка»га оид қуйидаги ўзгартиришларни таклиф қилмоқда:

  • орқа ён ойналар бўйича жисмоний ва юридик шахслар учун БҲМнинг ярим баравари миқдорини, Ўзбекистон Республикасида фаолият кўрсатаётган хорижий давлатлар юридик шахслари учун БҲМнинг икки баравари микдорини;
  • орқа ва олд ён ойналар бўйича жисмоний ва юридик шахслар учун БҲМнинг икки баравари миқдорини, Ўзбекистон Республикасида фаолият кўрсатаётган хорижий давлатлар юридик шахслари учун БҲМнинг ўн баравари миқдорини;
  • М2, М3 тоифага оид III класс автотранспорт воситалари ён ойналарининг тусини ўзгартиришга БҲМнинг 10 баравари миқдорини ташкил этсин;
  • Рухсатномани 3, 6, 9 ва 12 ойга олинадиган қилиб имконият яратилсин;
  • Транспорт воситаси ойналарини қорайтириш учун тўланадиган тўловларни бериладиган рухсатнома муддати мобайнида тўлаш имконияти яратиб берилсин.

Маълумот учун, ҳозирда орқа ён ойналар тусини ўзгартириш жисмоний шахслар учун БҲМнинг 4,5 бараварини, юридик шахслар учун 9 бараварини, орқа ва олд ён ойналар учун 45 бараварини ташкил этади.