Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларида кучли сел келди — видео
Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида 4 май куни кучли сел кузатилди. Табиий ҳодиса оқибатида бир қатор йўллар ва чорва молларига зарар етгани айтилмоқда.

Маълум бўлишича, Қашқадарёнинг Деҳқонобод туманидаги тоғли қишлоқлари Белибойли ва Бошчорбоғда аввалига дўл ёғиб, ундан кейин сел келган. Депутат Баҳриддин Баратовнинг маълумот беришича, 3 май куни ёққан дўл сўнгра сел келишига сабаб бўлган.


Шунингдек, гидрометеорология хизмати мутахассиси Эркин Абдулаҳатов Сурхондарёнинг Сариосиё туманида ҳам кучли сел кузатилганини маълум қилди. Таъкидланишича, Cангардак ва Хурсандсой сойида кузатилган сельда машина, симёғоч ва чорва моллари оқиб кетган.
Эслатиб ўтамиз, «Ўзгидромет» 3–4 май кунлари республиканинг қатор ҳудудларида кучли ёғингарчилик кузатилиб, сел келиш хавфидан огоҳлантирганди.
3 май куни Қашқадарёнинг Шаҳрисабз ва Китоб туманларида, Сурхондарёнинг Бойсун ва Сариосиё туманларида ёғингарчилик оқибатида сел келиши кузатилган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳолат бартараф этилаётганини маълум қилганди.