Жамият, Қашқадарё - 9:42 · 04.05.2022

Қамаши тумани ҳокимининг хизмат машинаси жарима майдонига жойлаштирилди

Қашқадарё вилоятида 70 021 DAV давлат рақам белгили «Lacetti» ён ойналарининг туси қорайтирилган ва маёқчалар ўрнатилган ҳолда ҳаракатлангани аниқланди. Вилоят Ички ишлар бошқармаси давлат хизматчисига тегишли автомашина юзасидан маълумот берди.

Фото: Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Қайд этилишича, «Lacetti» ҳайдовчиси тегишли рухсатномасиз автомашина олд қисмига кўк-қизил ёнувчи маёқчалар ўрнатгани ҳамда ён ойналарнинг туси тегишли рухсатсиз қорайтирилгани маълум бўлган.

Ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари билан баённома рамийлаштирилиб, ушбу кодекснинг 291-моддаси (Транспорт воситаларини ушлаб туриш ва кўрикдан ўтказиш асослари ва тартиби)да вақтинча сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирилди.

Автоблогер Мақсуд Музаффаровга кўра, машина Қамаши тумани ҳокимига тегишли ҳисобланади. Таъкидланишича, ҳоким шу «Lacetti»дан хизмат автомашинаси сифатида фойдаланади.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент вилоятида Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига тегишли, 01 202 VSG давлат рақам белгили «Tracker» қоида бузгани учун 2021 йил 17 декабрь куни жарима майдонига жойлаштирилгани ҳақида хабар берилганди.