Жаҳон - 15:33 · 04.05.2022

Қирғизистонда аҳолининг Ғалаба куни «Z» ва «V» белгиларидан фойдаланиши тақиқланди

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги аҳолини Ғалаба кунида Россия «ҳарбий операцияси»га боғлиқ рамзлардан фойдаланмасликка чақирди.

Фото: Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, мамлакат ҳудудида Ғалаба куни миллатлараро адоват қўзғатилишни, Украина ва Россия ўртасидаги уруш билан боғлиқ тасвирлар, герблар, рамзлардан фойдаланишни олдини олиш бўйича профилактик чоралар ўтказилмоқда. Хусусан, ҳарбий кийим-кечак сотувчи ёки ижарага берувчи йирик савдо шохобчалари эгалари, шунингдек, 9 май куни бўлиб ўтадиган «Ўлмас полк — Қирғизистон» юриши ташкилотчилари билан тушунтириш ишлари кучайтирилган.

Қирғизистон ИИВ автомашиналарга «Z» ва «V» белгиларини ёпиштириш билан боғлиқ учта факт аниқлаган ва улар 5500 қирғиз соми (тахминан 746 минг сўм) миқдорида жарима тортилган.

«Қирғизистонда бундай рамзлардан фойдаланишни тақиқлаш бўйича расмий қарор қабул қилинмаган. Ички ишлар вазирлиги мамлакат ҳудудида 80 дан ортиқ миллат вакиллари истиқомат қилаётганини инобатга олиб, фуқароларга миллатлараро адоватни қўзғатувчи ва низоларга олиб келадиган ҳар қандай рамз, кўкрак нишони тақмасликни тавсия қилади. Мазкур ҳаракатлар учун Қирғизистон қонунчилигига мувофиқ жавобгарлик белгиланган», дейилади хабарда.

Аввалроқ Қозоғистон ва Ўзбекистонда 9 май куни ҳарбий парад ўтказилмаслиги маълум қилинганди. Шунингдек, Россия хорижий давлат раҳбарларини парадга таклиф қилмаганди.