Жаҳон - 12:55 · 04.05.2022

Рамзан Қодиров Украина бўйлаб иккинчи «махсус операция» ўтказишни таклиф қилди

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров нафақат Луганск ва Донецкда, балки Украина бўйлаб «махсус операция»нинг иккинчи босқичини ўтказиш кераклигини айтди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram каналида маълум қилди.

Фото: «РИА Новости»

Қодировнинг сўзларига кўра, кучли қуролларга эга давлатлар Украинани таъминламоқда. Қуролларни маҳаллий аҳолига сотиш бошланган.

«Бу глобал тартибсизлик, қонунбузарлик ҳисобланади, унинг давом этишига чек қўйиш керак. Шунинг учун ҳарбий операциянинг иккинчи босқичини бошлаш зарур», — деган Чеченистон раҳбари.

Шунингдек, у операциядан кейин халқни нормал бошқара оладиган янги ҳукумат тузиш зарурлигини қайд этган. Қодиров муносабатлар ўрнатишни хоҳлаётган давлатлар билан алоқада бўлишга чақирган. «Агар улар санкцияларни хоҳласа, биз санкцияларга қарши курашамиз, агар улар урушни хоҳласа, биз курашамиз», — деган у.

Қодировнинг таъкидлашича, ҳозирда Донецк, Луганск ва Россия қўшинлари урушда яхши натижа кўрсатмоқда. «Кеча катта колонна йўқ қилинди, бугун эса кун бўйи Попасна шаҳри бўйлаб яхши натижаларга эришдик. Аста-секин Донецк ва Луганскни тозалаяпмиз», — деган у.

Аввалроқ Қодиров Киевга ҳужум уюштирилишини маълум қилганди. Шунингдек, у Украинага қандай раҳбар кераклигини айтганди.