Жаҳон - 0:04 · 04.05.2022

Россия ва Франция президентлари мулоқоти, Украинага ёрдам берадиган Британия ва Путин билан учрашишни сўраган Рим папаси

Россия қўшинларининг Украина ҳудудларига бостириб кириши ортидан бошланган уруш 24 февралдан буён давом этмоқда. Қуйида 3 май куни содир бўлган можарога алоқадор асосий янгиликларни тақдим этамиз.

Фото: «Sputnik»

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель яна бир нечта Россия банки SWIFT тизимидан узилишини маълум қилди. Бу ҳақда «Риа Новости» хабар берди.

Маълум бўлишича, сиёсатчи Лотин Америкасига ташрифи давомида журналистларга янги чекловлар бўйича изоҳ берган. Чекловлар қайси молиявий ташкилотларга нисбатан жорий этилиши ҳақида маълумот берилмаган.

«Молия секторида кўпроқ Россия банклари SWIFT тизимидан узилади. Қайсилари эканини айта олмайман, лекин шундай бўлади. Энергетика соҳасида эса биз Россия нефти импортига сезиларли таъсир кўрсатадиган чораларни қидирмоқдамиз», — деган Боррель.

Уруш бошидан буён Украинада 220 нафар бола можаролар оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда Украина бош прокурори офиси матбуот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, 406 нафар бола жароҳатланган. Жумладан, Одессадаги 2 май куни бўлган ракета ҳужумларида 14 ёшли бола ҳалок бўлган, 17 ёшли қиз жароҳатланган.

Британия Украинага 375 миллион долларлик ҳарбий ёрдам беради. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.

Маълумотларига кўра, янги ёрдам пакети қуйидаги ускуналарни ўз ичига олади: электрон жанговар, тунда кўриш мосламалари, оғир дронлар, зирҳли транспорт воситалари ва аккумуляторга қарши радар тизими.

Рим папаси март ойининг ўрталарида Владимир Путин билан учрашишни сўраган. Бу ҳақда «Сorriere» нашри хабар берди.

Айтилишича, Франциск урушнинг дастлабки йигирма куни ўтгач, у кардиналлардан бирига Путинга урушни тўхтатишга ҳаракат қилиш учун Москвага келишга тайёрлиги ҳақидаги хабарни топширишни сўраган.

Россия уруш фонида матбуот эркинлиги рейтингида 155-ўринга тушиб кетди. Индекс «Чегара билмас мухбирлар» халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан тузилган.

Ташкилотнинг ҳисоботига кўра, Россияда «ҳукумат ахборот устидан тўлиқ назорат ўрнатган, оммавий ҳарбий цензурани жорий қилган, оммавий ахборот воситаларини тўсиб қўйган».

Бундан ташқари, ҳисоботда Россия босқинининг биринчи ойида камида беш нафар журналист ва ОАВ ходимлари ўққа тутилиши оқибатида ҳалок бўлгани таъкидланган. Ҳисобот муаллифларига кўра, босиб олинган ҳудудларда Россия армияси «ахборот манбаларини мақсадли нишонга олган ва маҳаллий ОАВни ҳамкорликка мажбурлашга уринган».

Россия президенти Владимир Путин ва Франция раҳбари Эммануэль Макрон билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Россия президенти матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, суҳбат давомида Путин Макронни президентлик сайловидаги ғалабаси билан табриклаган. Россия президенти, шунингдек, ҳарбий амалиётнинг бориши, жумладан «Мариуполни озод қилиш ва ‘Азовстал’ заводидан тинч аҳолини эвакуация қилиш ҳақида гапирган.

Бундан ташқари, Путин Россия томони ҳамон мулоқотга очиқлиги айтган. Россия раҳбари «Европа Иттифоқига аъзо давлатлар Украина хавфсизлик кучларининг ҳарбий жиноятларини эътиборсиз қолдираётганига» эътибор қаратган.