Сурхондарёда ҳайдовчи 218 кг гўштни тегишли ҳужжатсиз олиб кетаётгани аниқланди
Сурхондарё вилоятидаги «Дарбанд» йўл-патруль хизмати масканида 20 ёшли ҳайдовчи 218 килограмм гўштни тегишли ҳужжатсиз олиб кетаётгани аниқланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, вилоят ИИБ Карантин тадбирларни таъминлаш бўлинмаси ҳамда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими ходимлари томонидан рейд тадбирлари ўтказилган.
Хусусан, «Дарбанд» ЙПХ масканида олиб борилган назорат рейд тадбирлари давомида Ангор–Тошкент йўналишида ҳаракатланиб келаётган 2002 йилда туғилган А.О. бошқарувида бўлган «Cobalt» тўхтатиб текширилган.

Машинада ветеринария-санитария қоидаларига амал қилинмаган ҳолда ҳеч қандай ҳужжатсиз жами 218 килограмм гўшт маҳсулотларининг олиб кетилаётгани аниқланиб, ўрнатилган тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, 29 март куни Қашқадарё вилояти «Умакай» ЙПХ масканида келиб чиқиши номаълум 250 килограмм гўшт олиб кетаётган ҳайдовчи ушлангани ҳақида хабар берилганди.