Жаҳон, Сиёсат - 9:10 · 04.05.2022

Зеленский Украинанинг асосий мақсади нимадан иборатлигини айтди

Украина президенти Владимир Зеленский Украинанинг асосий мақсади ҳудудий яхлитликни тиклаш эканини таъкидлади. Бу ҳақда у «The Wall Street Journal» директорлар кенгаши саммитида гапирган.

Фото: Украина президенти матбуот хизмати

Маълум бўлишича, ушбу яхлитлик Қрим қайтарилишини ҳам назарда тутади. «Ҳудудий яхлитликни тиклаш биринчи рақамли вазифадир. Бу Россия қўшинларини 24 февраль кунги чегараларга сиқиб чиқаришни англатади», — деган Украина президенти. Шунингдек, у Қрим яна Украина ҳудудининг бир қисмига айланишига умид қилишини айтган. Президент буни уруш тугаганидан кейин дипломатик йўлга ўтиш орқали амалга ошириш мумкин деб ҳисобламоқда.

Украина президенти ўз нутқида, шунингдек, Россия компенсация тўлаши кераклигини айтган. «Россия Украинани тиклашда ўз ролини ўйнаши керак, шу билан бирга, бутун Европа ва Ғарбнинг қўллаб-қувватлаши зарур» — деган Зеленский. Айтилишича, мамлакат иқтисодиёти ва инфратузилмасини тиклаш учун тахминан 600 миллиард доллар керак бўлади.

Аввалроқ Зеленский ҳеч ким Украинанинг уч кундан ортиқ қарши тура олишини кутмаганини таъкидлаганди. Шунингдек, Украина президенти «ERT» телеканалига берган интервьюсида Греция ва Туркиядан россиялик сайёҳларни қабул қилмасликни талаб қилганди.