Жаҳон - 12:40 · 05.05.2022

Алишер Усмонов Европа судига даъво аризаси билан мурожаат қилди

Россиялик олигарх Алишер Усмонов Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатига киритилганига норозилик билдириб, Европа судига даъво аризаси билан мурожаат қилди. Бу ҳақда «ТАCC» хабар берди.

Фото: «Getty Images»

Мазкур хабарни суд матбуот хизмати тасдиқлаган. «Жаноб Алишер Усмоновнинг Европа Иттифоқи кенгашига қарши даъвоси 29 апрель куни қўзғатилган. Даъвогар кенгашнинг унга нисбатан чеклов чораларини қўллаш тўғрисидаги қарорини бекор қилишни ва суд қарори чиқарилгунга қадар тақиқловчи чораларни қўллашни тўхтатиб туришни талаб қилмоқда», дейилади хабарда.

28 февраль куни ЕИ кенгаши Алишер Усмоновни Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини бузишга ҳисса қўшган шахслар қаторида қора рўйхатига киритган. Шу сабабли миллиардерга Европа Иттифоқига кириш тақиқланган, Европа Иттифоқидаги активлари эса музлатилган.

Аввалроқ Франция ҳукумати Алишер Усмоновга алоқадор 2 та вертолётни ҳибсга олганди. Шунингдек, миллиардернинг самолёти ЕИдан Тошкентга учгани аниқланган. Усмонов Британиядаги мулкини санкциялардан чиқариб олгани маълум бўлган.