Жамият, Жаҳон - 21:01 · 05.05.2022

Бугун оқшоми. 9 майни сиёсийлаштирмасликка чақирган «Юксалиш», «Толибон» билан алоқа ўрнатишга уринаётган Ўзбекистон, жанозасида тирилган перулик аёл

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Тошкентдан Фарғона водийсига қатновчи йўловчи поездлар ҳаракати кеча келган сел оқибатида вақтинча тўхтатилди. Унинг ўрнига қўшимча авиарейслар амалга оширилди.

Фото: «Ўзбекистон темир йўллари»

Тошкентдан Фарғона водийсига қатновчи 60/59, 62/61-сонли йўловчи поездлар ҳаракати кузатилаётган ноқулай об-ҳаво шароити ва тоғли ҳудудларда кучли ёғингарчилик кузатилгани боис вақтинча тўхтатилди. Кеча тунда кузатилган қаттиқ ёнғиргачлик оқибатида Қамчиқ давонида тоғ ўпирилганди.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати

Компания «поездлар ҳаракат хавфсизлигини ҳамда йўловчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш» мақсадида шундай қилганини ёзган. Биргина баёнот ҳам компаниянинг қадриятлари, у учун нима (фойдаланувчи ёки техникалар) муҳимроқ эканини билиш мумкин, яна ким билсин.

Шунингдек, баёнотда рейслар фақатгина бир кунга бекор қилингани (унга сотиб олинган чипталарнинг пули эса тўлиқ қайтарилиши) айтилган. Шунингдек, 6 майда ҳам қатновлар бўлмаслиги бироз олдин эълон қилинди. Бизда эса бошқа вариантлар пайдо бўлди: «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Фарғона ва Наманганга қўшимча парвозлар амалга оширди (бу мақола эълон қилинган пайт уларнинг охиргиси Тошкентдан водий томон учиб кетди).

Фото: «Bugun.uz»

Авиакомпания вазиятдан фойдаланиб, ўзи учун (маркетинг жиҳатдан) яхши ва йўловчилар учун фойдали ишни амалга оширди. Қойил.

Ҳурматли бизнес эгалари, сизнинг ҳам компаниянгиз шундай тилга олинишини хоҳлайсизми? Агар жавобингиз «ҳа» бўлса, бизнинг реклама бўлимимиз билан алоқага чиқинг (олдинда айтиб қўйишимиз керак, бу учун тепадаги компания бизга пул тўламаган, шунчаки унинг аналоги йўқ, у битта, у ягона, у — монопол. «Пахтакор» футбол клубининг шиорида бўлганидек, «Ватан, ота-она ва авиакомпания танланмайди»).

Озроқ мотивация: Коронавирусга қарши пул учун эмланманг. Қайсидир (улар кўплигидан эслаб қолиш ҳам қийин) «мотиватор», «бизне-e-с тренер» айтганидек, пулингиз етмаяптими — кўпроқ топинг! Биз айтмоқчимизки, ушбу инфекцияга қарши эмланганларга 750 минг сўмдан пул берилаётгани ҳақида тарқалган хабарлар ёлғон (қип-қизил, тургани битгани ёлғон, худди «мотиватор»лар айтаётган гаплардек).

Скриншот: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

«1984 эмас, 1484»: йилнинг биринчи уч ойлигида энг кўп ажрашиш Тошкентда қайд этилди.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2022 йилнинг январь-март ойларида республика бўйича 12 164 та ажралиш ҳолати қайд этилган. Шундан энг кўп пойтахтда — 1484 та.

Фото: «Bugun.uz»

2022 йилнинг дастлабки уч ойида энг кўп ажрашиш қайд этилган иккинчи вилоят — Самарқанд: 1269 та. «Фахрли» учинчи ўриндаги Тошкент вилоятида эса ундан 4 тага кам. «Кучли учлик»ка киролмаган Андижон вилоятида эса 1240 та оила ажрашган (балки оилаларни «Андижон полькаси»га ўйнатиб яраштириш бўйича «Андижон тажрибаси»ни кўрармиз?)

Энг қизиқ рақам Бухоро вилоятида шаклланган, у ерда 666 та ажрашиш рўйхатга олинган (бухороликлар, илтимос, бошқа ажрашманглар, ўзи рақам чиройли турибди (ва нафақат бу учун). 666? Шайтон рақами? Масонлар шу ердами?) «1000+»лик натижага «эришган» Қашқадарёда ҳам қизиқ нарса бор: у ердаги баъзи (баъзи дейилди, илтимос, яхшилаб ўқинг, ҳамма дейилгани йўқ) оилаларда эр хотинининг кўзини ўйиб олиб, юрагига пичоқ санчиб ўлдириши мумкин, лекин ажрашмайди (сабабини эса биз билмаймиз, статистика қўмитаси ҳам).

Статистиканинг бошқа вилоятларга тегишли қисмини бу ердан топишингиз мумкин. Аммо ундан олдин унинг яна бир жиҳатига эътибор қаратишингизни сўраймиз. Бу статистикага фақатгина расман (барча расмиятчилик, қоғозбозликдан ўтиб, боласи борлар алимент ва яна алланималардан ўтиб) ажрашганлар киритилган. Буни расман қайд этмасдан, бир-биридан узоқда яшаб юрганлар бор, улар йўқ бу ерда.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати 9 майни сиёсийлаштирмасликка чақирди. Унга бироз қўшимчаларимиз бор.

Фото: «Bugun.uz»

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати Ўзбекистонда 9 май — Хотира ва қадрлаш кунини турли расмий ва норасмий доираларда сиёсийлаштиришга бўлган ҳаракатларга тўхталиб, ундай қилмасликка чақирди. Ҳаракат боёнотида бунга учта сабаб келтирилган:

«Биринчидан, ушбу кунда инсоният тарихидаги энг даҳшатли ва қонли Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган ярим миллиондан зиёд ўзбекистонликларнинг руҳи хотирланади.

Иккинчидан, 9 май — фронт ҳудудларидан Ўзбекистонга кўчирилган бир миллионга яқин оила ва болаларни қабул қилган ўзбек халқининг бағрикенглигини англаш ва қадрлаш куни.

Учинчидан, бу кунда Жаҳон урушидан олдин ва кейинги тарихда Ватан тинчлиги ва равнақи учун жонини фидо қилган барча аждодлар хотирланади. Ҳаёт бўлганларига эса ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилади, қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилади».

«Шунинг учун 9 май санасини ортиқча сиёсийлаштирмаслик, андозалаштиришга берилмаслик, вазмин ва жамиятимиз қадриятларига таянган ҳолда нишонлаш энг тўғри ва маъқул йўлдир», дейилади ҳаракат хабарида.

Фото: «Bugun.uz»

Шу ўринда биз баъзи тавсияларни қолдиришни жоиз топдик: 9 май куни собиқ СССРни хотирлаш керак эмас, унинг байроқларидан фойдаланиш, уни пропаганда қилиш, ҳар хил «ленталар»дан фойдаланиш ҳам шарт эмас. Ҳаёт бўлган уруш қатнашчиларининг эҳтиромини қилинг, уларнинг суҳбатини олинг, у пайтлардаги ҳаёт, қийинчиликлар ҳақида сўранг. Балки «мусаффо осмон» иборасининг ҳақиқий қийматини шунда англармиз. «Юксалиш» ҳам шуни назарда тутгандир, балки, биз бошқачароқ йўл билан айтдик.

Ва яна бир катта илтимос ва тавсия: ҳозирги пайтда Россиянинг Украинадаги «махсус операция»си рамзи бўлиб турган «Z» ва «V» шаклларидан ҳам фойдаланманг. Босқинни қўллаб-қувватламанг. Zолим бўлманг.

Ўзбекистонда Осиё ўйинлари ғолиб ва совриндорлари 5 минг долларгача рағбатлантирилади.

Фото: «Uzreport.news»

Президентнинг тегишли қарорига кўра, 2022 йилда Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида бўлиб ўтадиган ХIХ ёзги Осиё ва IV Параосиё ўйинларида ғолиб ва совриндорлар, уларнинг тренерлари қуйидагича рағбатлантирилади:

Ғолиб ва совриндорлар:

  • олтин медаль учун — 5000 доллар;
  • кумуш медаль учун — 3000 доллар;
  • бронза медаль учун — 2000 доллар.

Ғолиб ва совриндорларни тайёрлаган мураббийлар:

  • олтин медаль учун – 2500 доллар;
  • кумуш медаль учун – 1500 доллар;
  • бронза медаль учун – 1000 доллар.

Бундан ташқари, ғолиб ва совриндорлар, мураббийлар қўшимча равишда маҳаллий бюджетдан қуйидаги миқдорда бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланади:

Ғолиб ва совриндорлар:

  • олтин медаль учун – БҲМнинг 300 баравари (унинг бир баравари 270 минг сўм);
  • кумуш медаль учун – БҲМнинг 200 баравари;
  • бронза медаль учун – БҲМнинг 100 баравари миқдорида.

Ғолиб ва совриндорларни тайёрлаган мураббийлар:

  • олтин медаль учун – БҲМнинг 200 баравари миқдорида;
  • кумуш медаль учун – БҲМнинг 100 баравари миқдорида;
  • бронза медаль учун – БҲМнинг 50 баравари миқдорида.

Ўзбекистон Европа Иттифоқи дипломатларини Афғонистонга қайтаришга кўндирди — «Америка овози».

Ўзбекистон Ғарб билан узоқлашмаган ҳолда «Толибон» ҳаракати билан алоқа ўрнатишга интилмоқда, дея хабар бермоқда «Америка овози» нашри. Унга кўра, Ўзбекистон Афғонистондаги муваққат ҳукуматни тан олмай туриб, бир қатор масалалар бўйича «Толибон»нинг асосий ҳамкорига айланган.

Фото: «Bugun.uz»

«Ушбу нозик позиция мамлакатга Афғонистонни активларини музлатиш ва санкциялар орқали уни яккалаб қўймоқчи бўлган АҚШ ва Ғарб давлатлари билан узоқлашмасдан Кобул билан иқтисодий ҳамкорликни ўрганишга имкон берди», дейилади хабарда.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистон қисқа вақт ичида Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами етказиб бериш орқали донор давлатларнинг эътиборини қозонган. Шу билан бирга, мамлакат Афғонистон орқали Покистон денгиз портларига чиқишда савдо йўли хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ иқтисодий масалаларни инсобатга олаётгани келтирилган.

Шунингдек, алоҳида қайд этилишича, Тошкент Европа Иттифоқи дипломатларини Кобулга қайтаришга кўндиргани, АҚШ ҳам шундай қадам ташлашига умид билдиргани айтилган.

«Шунга қарамай, Ўзбекистон расмий муваққат ҳукуматни тан олиш масалаларида халқаро ҳамжамият билан умумий позицияга амал қилиш ниятида», деб ёзади нашр.

Бошқа хабарлар пунктларда:

  • Чорсудаги гумбазлар бузилмайдиган бўлди. Уларнинг барчаси маданий мерос рўйхатига киритилади;
  • Президент тез тиббий ёрдам тизимидаги энг катта муаммо шошилинч ёрдам бемор учун энг яқин тиббиёт муассасасида эмас, балки фақатгина олдиндан бириктирилган саноқли шифохоналарда кўрсатилиши эканини айтди.

Хўш, оламда нима гап?

«Беларусга ҳужум қаердан бошлангани» ҳақида мемлар «қироли» Лукашенко Украинадаги урушни қандай қилиб бир ҳафтада тугатиш мумкинлигини айтди.

Беларус президенти Александр Лукашенко АҚШнинг «Associated Press» нашрига берган интервьюсида Украинадаги уруш АҚШ Киевга жанговар ҳаракатларни тўхтатиш кераклигини айтсагина тўхташини айтди.

Фото: «Associated Press»

Агар Жо Байден ҳамма уришиб бўлди, келинг, урушни тўхтатайлик, у ҳеч кимга керак эмас, фойда олиб келмайди, деб айтса, уруш бир ҳафта ичида тугайди», — дейди Беларусь президенти.

Шунингдек, у Украина раҳбариятининг мамлакатдаги ҳарбий ҳаракатларни дипломатик йўллар билан тўхтатиш истаги бор-йўқлиги ҳақида ўз фикрини билдирган.

«Балки Украина раҳбарияти хоҳлар, лекин қила олмайди. Чунки бугун Украинани Зеленский бошқармайди. У мендан хафа бўлмасин, бу менинг нуқтаи назарим. Мамлакатни сизникилар бошқаради», — деган Лукашенко АҚШ нашри ходимига.

Дунёнинг ишлари қизиқ: Перуда вафот этган аёл жанозасида тирилди. Лекин яна вафот этди.

Перуда вафот этган аёл дафн маросимида уйғониб, оиласига унинг тириклигини билдириш учун тобут қопқоғини тақиллатди. Перулик 36 ёшли Роза Изабель Сеспеде Каллака куёви ва уч нафар жияни билан йўл-транспорт ҳодисасига учраган. Оқибатда эркак воқеа жойида ҳалок бўлган, Роза ва унинг жиянлари эса турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага етказилган.

Орадан бироз вақт ўтиб шифокорлар аёлнинг ўлганини эълон қилган. Аёлнинг дафн маросимида қариндошлари тобут ичкаридан тақиллаганини эшитган. Ҳолат юзасидан қариндошлар зудлик билан полиция ва шифокорларни чақирган, улар аёлни касалхонага юборган ва нафас олиш аппаратига улаган. Шифокорлар аёлда кам бўлса-да, яшаб қолиш белгилари борлигини тасдиқлаган. Қурилмага уланганидан сўнг Розанинг аҳволи бироз яхшиланган, бироқ кейинроқ унинг саломатлиги яна ёмонлашиб, бир неча соатдан кейин вафот этган.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.