Жамият, Илм-фан, Тошкент ш. - 17:45 · 05.05.2022

Чорсудаги барча гумбазлар маданий мерос рўйхатига киритилади — фото

Тошкент шаҳридаги Чорсу бозорида 1 май куни таъмирлаш ишлари сабаб уч гумбаздан бири йўқолиши мумкинлиги айтилганди. 5 май куни Маданий мерос агентлиги илмий эксперт кенгаши мутахассислари журналистлар иштирокида реконструкция ишларининг маданий мерос объектларига таъсирини ўрганиш ишларини олиб борди, дея хабар қилди «Bugun.uz» мухбири.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, Instagram’даги @tashkent_modernism саҳифасида реконструкция ишлари оқибатида учта гумбаздан бири йўқолиши мумкинлиги, бунга эса янги лойиҳа — «Chorsu Gold Center»да ушбу гумбаз кўзда тутилмагани хабар қилинган. Маданий мерос агентлиги ўрганишлар натижасида Чорсу бозорини реконструкция қилиш лойиҳасини кўриб чиқишини, барча гумбазлар сақлаб қолиниши ва улар маданий мерос рўйхатига киритилишини маълум қилди.

«Бу бинолар 70-йилларнинг меъморчилик намунаси ҳисобланади, улар тарихий аҳамиятга эга. Чорсуда марказий гумбаз ва унинг атрофида яна 6 та кичик гумбаз мавжуд. Улар миллий анъаналаримизга хос меъморий обидалардир. Шунинг учун ҳам илмий кенгаш аъзолари билан ҳозирда мажмуани маданий мерос рўйхатига киритиш арафасидамиз.

Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»

Лойиҳа бош архитектори билан гаплашиб, ўзимизнинг таклифларимизни бердик. Ҳар бир бино таъмирланиши ёки қайта қурилишида унинг аслий ҳолатини эътиборга олиш зарур», — дея таъкидлади кенгаш аъзоси, археолог Зафар Ҳакимов.

Тошкент шаҳри Маданий мерос бошқармаси бошлиғи Эсонбек Абдурасулов илмий хулоса берилганидан кейин ҳам қурилиш-таъмирлаш ишлари доимий назоратда бўлишини қайд этди. Янги савдо марказини қураётган тадбиркорнинг «Bugun.uz» мухбирига айтишича, мажмуа 2022 йилнинг сентабрь ойидан фойдаланишга топширилади. Қуриш-таъмирлаш ишларига 2 миллиард сўм атрофида маблағ сарфланади.

Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»

«Чорсу Тошкентнинг брендига айланган. Маҳаллий аҳоли, сайёҳлар уни айланишади, гумбазлар ёнида расм тушиб кетишади. Тошкентни онлайн харитада кўриб қарайдиган бўлсак, биринчилардан мана шу Чорсу бозорларининг гумбазлари кўринади», — деди Маданий мерос агентлиги директори биринчи ўринбосари, илмий кенгаш раиси Турсунали Кузиев.

Аввалроқ агентлик «Bugun.uz»га «Чорсу бозор ТИМ»и маданий мерос объекти хисобланишини, бозордаги бошқа бино ва иншоотлар маданий мерос объектлари рўхатидан ўрин олмаганини маълум қилганди.

Эслатиб ўтамиз, Навоий вилояти Кармана туманидаги Мирзачорбоғ саройи харобага айлангани ҳақида хабар берилганди. Кейинчалик ушбу ҳолатга Маданий мерос агентлиги муносабат билдириб, мутахассислар томонидан ҳозирги кунда объектни муҳофаза қилиш лойиҳалари устида иш олиб борилаётгани айтилганди.