Жаҳон - 19:24 · 05.05.2022

Грузияда ковид талабларидан бири бекор қилинди

Коронавирус устидан ғалаба қозонганини эълон қилган Грузия ёпиқ жойларда тиббий ниқоб тақиш талабини бекор қилди. Бу ҳақда «МИР 24» хабар берди.

Фото: «Anadolu»

Маълум қилинишича, ушбу қарор тиббиёт муассасалари ва жамоат транспортида ниқоб тақмасликни назарда тутмайди. Мамлакат бош вазири Ираклий Гарибашвили Грузия ковид устидан деярли ғалаба қозонганини таъкидлаганди.

«Коронавирус устидан деярли ғалаба қозонганимизни айтиб, ватандошларимизни хурсанд қилмоқчиман. Бизда ҳозирги вазият шундай кечмоқда», — деган Гарибашвили.

Мамлакатда коронавирус инфекциясининг биринчи ҳолати 2020 йилнинг 26 февралида қайд этилган. Грузия аллақачон пандемиянинг бир неча тўлқинларини бошдан кечирган. 2021 йилнинг декабрь ойида республикада «омикрон» штами билан касалланишнинг биринчи ҳолатлари аниқланган.

2022 йилнинг февраль ойида Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавируснинг олтинчи тўлқини пасайишни бошлаганини эълон қилган. Аҳолиси 3,7 миллион кишидан ортиқ бўлган Грузияда пандемия даврида 1 миллион 651 минг 577 нафар кишида инфекция аниқланган, 16 минг 777 бемор асоратдан вафот этган.

Аввалроқ Болгария сайёҳлардан коронавирус талабларини олиб ташлаши ва Туркияда коронавирус чекловларидан бири бекор қилингани маълум бўлган.