Жамият - 11:02 · 05.05.2022

Коронавирусга қарши эмланганларга 750 минг сўмдан пул берилаётгани ҳақида хабар тарқалди

Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмланганларга 750 минг сўмдан пул маблағи берилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати ҳолат юзасидан маълумот берди.

Скриншот: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Таъкидланишича, бу каби ёлғон ахборотлар аввал ҳам кузатилган ва вазият бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўз муносабатини билдирган эди. Мазкур ҳолат бўйича вазирлик қуйидагиларни маълум қилади.

«Ҳақиқатга тўғри келмайдиган ва расмий манбалар орқали тасдиқланмаган бу каби уйдирма хабарларни тарқатувчилар эндиликда интернетда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги номидан махсус саҳифа очиб, одамларни ўз тузоғига илинтиришга интилмоқда.

Хусусан, вазирликнинг расмий веб-сайти билан бир хил дизайнда тайёрланиб, унинг асосий фонида вакцина олганларга 750 минг сўм миқдорида пул маблағи берилиши айтилган. Бунинг учун шахсий маълумотларни киритиш сўралган.

Юқоридаги ахборот фирибгарлик мақсадида тарқатилган бўлиб, у ҳеч қандай расмий асосга эга эмас. Шу боис вазирлик аҳолидан бу каби фейк хабарларга ишонмасликни, вакцинация жараёнлари билан боғлиқ энг тўғри маълумотларни Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий ssv.uz сайти ҳамда Telegram’даги саҳифалари орқали олишлари мумкинлигини эслатиб ўтади. Унутманг, бу каби ёлғон хабарларни тарқатиш тегишли тартибда жавобгарликка сабаб бўлади», дейилган муносабатда.

Аввалроқ ҳам Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмланган фуқароларга пул берилаётгани айтилгани хабарлар вазирлик томонидан рад этилганди. Шунингдек, ССВ Ўзбекистонда болалар орасида номаълум вирус тарқалаётгани айтилаётганига муносабат билдирган.