Жаҳон - 19:41 · 05.05.2022

Лукашенко Украинадаги урушни қандай қилиб бир ҳафтада тугатиш мумкинлигини айтди

Беларусь президенти Александр Лукашенко Украинадаги уруш қай ҳолатда бир ҳафта ичида тугаши мумкинлигини айтди. Бу ҳақда у «Associated Press»га берган интервьюсида маълум қилди.

Фото: «Associated Press»

Президентга кўра, бунинг учун АҚШ Киевга жанговар ҳаракатларни тўхтатиш кераклигини айтиши зарур. «Агар Жо Байден ҳамма уришиб бўлди, келинг, урушни тўхтатайлик, у ҳеч кимга керак эмас, фойда олиб келмайди, деб айтса, уруш бир ҳафта ичида тугайди», — дейди Беларусь президенти.

Шунингдек, у Украина раҳбариятининг мамлакатдаги ҳарбий ҳаракатларни дипломатик йўллар билан тўхтатиш истаги бор-йўқлиги ҳақида ўз фикрини билдирган.

«Балки Украина раҳбарияти хоҳлар, лекин қила олмайди. Чунки бугун Украинани Зеленский бошқармайди. У мендан хафа бўлмасин, бу менинг нуқтаи назарим. Мамлакатни сизникилар бошқаради», — деган Лукашенко АҚШ нашри ходимига.

Маълумот ўрнида, Беларусда ҳарбий кучларни тўсатдан текшириш бошланган. Мамлакат бўйлаб ҳарбий техникалар олиб ўтилиши ва бу тирбандликни юзага келтириши таъкидланган.