Сиёсат - 16:49 · 05.05.2022

Ўзбекистон Европа Иттифоқи дипломатларини Афғонистонга қайтаришга кўндирди — «Америка овози»

Ўзбекистон Ғарб билан узоқлашмаган ҳолда «Толибон» ҳаракати билан алоқа ўрнатишга интилмоқда. Бу ҳақда «Америка овози» хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, Ўзбекистон Афғонистондаги муваққат ҳукуматни тан олмай туриб, бир қатор масалалар бўйича «Толибон»нинг асосий ҳамкорига айланган.

«Ушбу нозик позиция мамлакатга Афғонистонни активларини музлатиш ва санкциялар орқали уни яккалаб қўймоқчи бўлган АҚШ ва Ғарб давлатлари билан узоқлашмасдан Кобул билан иқтисодий ҳамкорликни ўрганишга имкон берди», дейилади хабарда.

Таъкидланишича, Ўзбекистон қисқа вақт ичида Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами етказиб бериш орқали донор давлатларнинг эътиборини қозонган. Шу билан бирга, мамлакат Афғонистон орқали Покистон денгиз портларига чиқишда савдо йўли хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ иқтисодий масалаларни инсобатга олаётгани келтирилган. Тошкент Европа Иттифоқи дипломатларини Кобулга қайтаришга кўндиргани, АҚШ ҳам шундай қадам ташлашига умид билдиргани айтилган.

«Шунга қарамай, Ўзбекистон расмий муваққат ҳукуматни тан олиш масалаларида халқаро ҳамжамият билан умумий позицияга амал қилиш ниятида», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 30 апрель куни Ўзбекистон Афғонистонга Рамазон ҳайити муносабати билан гуманитар ёрдам юборган. 58 вагондан иборат Хайрия поездида нималар борлиги маълум бўлган. Президентнинг махсус вакили Афғонистонга юборилган гуманитар ёрдам мақсадини айтган.