Жамият - 20:10 · 05.05.2022

Ўзбекистонда автомобиллар статистикаси: экспорт камайган, импорт кескин ошган

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2022 йилнинг январь–март ойларида 68 905 дона енгил автомобиль ишлаб чиқарилган. Енгил автомобиллар ишлаб чиқариш ҳажми 2021 йилнинг мос даври билан солиштирилганда 24 451 тага ошган.

Фото: «Bugun.uz»

2022 йилнинг январь–март ойларида Ўзбекистон Озарбайжон, Тожикистон, Корея ва Ливанга 58 дона енгил автомобиль экспорт қилган. Бу кўрсаткич 2021 йилнинг мос даври билан солиштирилганда 8763 тага камайган.

2022 йилнинг январь–март ойларида Ўзбекистон 21 та хорижий давлатдан қиймати 189,3 миллион долларга тенг бўлган 8508 та енгил автомобиль импорт қилган. Енгил автомобиллар импорти 2021 йилнинг мос даври билан солиштирилганда 5361 тага ёки 2,7 баробарга ошган.

Ўзбекистонга 3 ойда 455 та электромобиль импорт қилинган. Электромобиль импорти 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 370 тага ёки 5,4 баробарга ошган.

Аввалроқ Ўзбекистон асосан қайси давлатларга енгил автомобиль экспорт қилаётгани айтилганди.