Жамият - 14:59 · 05.05.2022

Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактабларга кириш тартиби белгиланди

Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактабларга ўқувчиларни қабул қилиш тартиби белгиланди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» хабар бермоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Низомга мувофиқ, ихтисослаштирилган мактабларга қабул қилиш аниқ ва табиий фанлар, инглиз тили ҳамда мантиқий фикрлаш бўйича ўтказиладиган имтиҳонлар асосида амалга оширилади. Ўқувчилар фақат ўз ҳудудидаги ихтисослаштирилган мактабларга қабул қилинади.

Танловда қатнаниш учун қабул комиссиясига платформа орқали ҳужжатлар (туғилганлик гувоҳномаси, табел нусхаси, 3х4 расм, олимпиада ғолиблигини тасдиқловчи ҳужжат (бор бўлса) юборилади.

Кириш имтиҳонлари қуйидаги фанлардан тест шаклида ўтказилади:

  • аниқ фанлар йўналишида: математика, физика, инглиз тили;
  • табиий фанлар йўналишида: биология, кимё, математика, инглиз тили.

Мактабларда таълим аниқ фанлар йўналиши бўйича 5–11 синфлар, табиий фанлар йўналиши бўйича 7–11 синфларда амалга оширилади. Ҳар бир синфда ўқувчилар 24 нафардан кўп бўлмайди.

Аввалроқ Президент таълим муассасалари агентлиги тизимида ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилиши хабар қилинганди.