Жаҳон - 16:05 · 05.05.2022

Перуда вафот этган аёл жанозасида тирилди — видео

Перуда вафот этган аёл дафн маросимида уйғониб, оиласига унинг тириклигини билдириш учун тобут қопқоғини тақиллатди. Бу ҳақда «Daily Mail» хабар берди.

Фото: «Shutterstock»

Маълум қилинишича, перулик 36 ёшли Роза Изабель Сеспеде Каллака куёви ва уч нафар жияни билан йўл-транспорт ҳодисасига учраган. Оқибатда эркак воқеа жойида ҳалок бўлган, Роза ва унинг жиянлари эса турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага етказилган. Тез орада шифокорлар аёлнинг ўлганини эълон қилган. Аёлнинг дафн маросимида қариндошлари тобут ичкаридан тақиллаганини эшитган. «Тобутни очганимизда Роза бизга қараб турганди, у терлаб кетганди», — деган аёлнинг қариндошларидан бири.


Ҳолат юзасидан қариндошлар зудлик билан полиция ва шифокорларни чақирган, улар аёлни касалхонага юборган ва нафас олиш аппаратига улаган. Шифокорлар аёлда кам бўлса-да, яшаб қолиш белгилари борлигини тасдиқлаган. Қурилмага уланганидан сўнг Розанинг аҳволи бироз яхшиланган, бироқ кейинроқ унинг саломатлиги яна ёмонлашиб, бир неча соатдан кейин вафот этган.

Сеспеде Каллаканинг оиласи шифокорлар Розани бахтсиз ҳодисадан кейин тегишли текширувдан ўтказмагани ва ўз вақтида ёрдам кўрсатиш ўрнига уни ўликхонага жўнатганидан норозилик билдирган. Қариндошларининг фикрича, шифокорлар кома ҳолатини аниқлай олмаган ва қурбоннинг ўлимини эълон қилган. Айни пайтда полиция тиббий ходимларнинг эҳтиётсизлиги факти устидан тергов ишлари олиб бормоқда.

Аввалроқ Ҳиндистонда маймуннинг дафн маросимида 1,5 минг киши қатнашганди.

Bugun — LIVE