21:25 | 05.05.22 119

Қашқадарёда спортчи Элбек Раҳимовни ўлдирганларга ҳукм ўқилди

Судда 26 нафар судланувчига нисбатан жиноят иши кўриб чиқилган

Қашқадарё вилоятида спорт устаси Элбек Раҳимов ўз уйида ўлдириб кетилгани, сўнг унинг ўлими юзасидан суд бошлангани айтилганди. Олий суд матбуот котибининг маълум қилишича, спортчининг қотилларига суд ҳукми ўқилди.

Кадр: Telegram

Таъкидланишича, 5 май куни Қашқадарё вилоят судида 26 нафар судланувчига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди. Ушбу жиноят иши вилоят суди судьяси Ф. Юсупов раислигида кўриб чиқилди.

Судланувчиларнинг барчаси Қашқадарё вилоятида туғилган бўлиб, уларнинг 3 нафари вояга етмаган шахс ҳамда 3 нафари — ички ишлар органларининг собиқ ходимлари.

Судланувчилар Жиноят кодексининг 97, 109, 111, 127, 137, 169, 277, 28,137, 28,211, 28,277, 210, 230-1, 241-1 моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган.

Эълон қилинган суд ҳукмига кўра, судланувчиларнинг 19 нафарига 3 йилдан 20 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 1 нафарига 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси, вояга етмаган шахсларга 5 йил 6 ойдан 10 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳамда ички ишлар органларининг собиқ ходимларига 3 йилдан 8 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Марҳумнинг қонуний вакили фойдасига 11 нафар судланувчидан солидар тартибда 10 800 000 сўм миқдорида моддий зарар ва 150 000 000 сўм миқдорида маънавий зарар ундирилиши белгиланган. Мазкур жиноий иш бўйича судга раислик қилувчи томонидан судланувчиларга ва бошқа томонларга ҳукм устидан шикоят қилиш тартиби ва муддати тушунтирилган.