Жаҳон - 14:30 · 05.05.2022

Қуддусдаги ал-Ақсо масжидида мусулмон ва яҳудийлар ўртасида яна тўқнашув бўлди

Қуддусдаги ал-Ақсо масжидида 5 май, пайшанба куни Исроил полицияси ва фаластинликлар ўртасида яна тўқнашув бўлди. Бу ҳақда «Al Arabiya» хабар берди.

Фото: «AFP»

Томонлар тўқнашувда бир-бирини айблаган. Фаластин томонига кўра, яҳудийлар Исроил полицияси ҳамроҳлигида ал-Ақсо масжиди ҳудудига бостириб кирган ва қадамжога кириш йўлларини ёпиб қўйган. Бундан ташқари, полиция масжидда бўлган мусулмонларни ҳибсга олишга ҳаракат қилган. Хавфсизлик кучлари ибодатхонага келувчиларга қарата кўздан ёш оқизувчи газ ва пластик ўқлардан фойдаланган, бунга жавобан фаластинликлар Исроилга қарши шиорлар айтган. Полиция фаластинликларни масжиднинг ал-Қибла биносига қамаб қўйган.

Исроил томони тўқнашувга яҳудийдларининг ал-Ақсо масжиди ҳудудига киргани сабаб бўлганини айтган. Чунки Исроил полицияси Рамазон ойи тугагунга қадар мусулмон бўлмаганларнинг Маъбад тоғи ва ал-Ақсо масжиди ҳудудига боришини тақиқлаганди. Яҳудийлар мусулмонлар уларга қарата тош отгани, оқибатда бир нафар зобит енгил жароҳатлаганини таъкидлаган. Фаластинликлар яҳудийларга қараб бақиргани, масжидга киришига қаршилик кўрсатгани келтирилган. Исроил полицияси тартибни сақлаш учун иш олиб боганини, мусулмонлар уларга қарата ал-Ақсодаги ал-Қибла биносида буюмлар отиб, бақирганини айтган.

Эслатиб ўтамиз, 15 апрель куни Қуддусдаги ал-Ақсо масжидида мусулмон ва яҳудийлар тўқнашганди. Оқибатда камида 152 фаластинлик жароҳатланган. Исроил полицияси тўқнашувда камида 300 фаластинликни ҳибсга олган. Фаластин манбалари эса уларнинг сони 400 нафарни ташкил қилишини айтмоқда. Томонлар ҳодисада бир-бирини айблаган.