Жаҳон - 15:30 · 05.05.2022

Россия Марказий Осиё давлатлари билан қандай муносабатдалиги маълум қилинди

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров мамлакатнинг Марказий Осиё давлатлари билан муносабати ҳақида гапирди. Унинг давлатлар ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлгани муносабати билан ёзган мақоласи эълон қилинди.

Фото: «Коммерсантъ»

Лавровга кўра, Россия қўшни давлатлар билан яхши қўшничилик ва конструктив ҳамкорликни сақлаб қолган.

«Марказий Осиёнинг барча давлатлари билан стратегик шериклик, кўпчилик билан эса иттифоқчилик муносабатлари ўрнатилган. Коронавирус пандемиясига қарши кураш бирдамликни янада мустаҳкамлади. Россия нафақат вакциналарни етказиб бериш, балки препаратларни Қозоғистон ва Ўзбекистонда ишлаб чиқариш имконини берувчи технологияларни билан ўртоқлашди.

Йирик қўшма лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Хусусан, Россия ва Ўзбекистон президентлари ўртасидаги Марказий Осиёда биринчи атом электр станциясини қуриш бўйича келишувларни амалга ошириш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.

Яхши қўшничилик муҳитини сақлашда минтақавий ҳамкорлик алоҳида ўрин тутади. Давлат раҳбарлари иштирокида ўтказилаётган ҳудудлараро ҳамкорлик форумлари унинг янада юксалишига ҳисса қўшмоқда. Аввалига бу амалиёт Қозоғистонда, кейин эса Ўзбекистонда жорий этилди», — дейди Лавров.

Сиёсатчи Россиянинг Марказий Осиё давлатлари билан алоқалари маданий-гуманитар ҳамкорлик билан ажралиб туришини қайд этган. Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда Россия фан ва маданият марказлари фаолият кўрсатаётганини айтган. Марказий Осиё давлатларининг 160 мингга яқин фуқароси ҳар йили Россияда таҳсил олиши, шундан 60 минг нафари федерал бюджетдан молиялаштирилишини таъкидлаган.

«2017 йилда Ўзбекистон фуқароларини Россияда меҳнат фаолиятини ташкилий равишда жалб қилиш бўйича ҳукуматлараро битим имзоланганди. 2019 йилда Тожикистон билан ҳам худди шундай келишув имзоланди. Айрим Ғарб давлатларидан фарқли ўлароқ, Россия Марказий Осиё минтақасига геосиёсий қарама-қаршилик майдони сифатида қарамайди. Шу муносабат билан биз минтақалараро интеграция кучайиб бораётганини, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг мунтазам маслаҳатлашув учрашувларини фақат олқишлаймиз», — дейди дипломат.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Путин ўзбекистонликларнинг Россияда бўлиши тартиби тўғрисидаги келишувни имзолаганди.

Bugun — LIVE