Андижон, Жамият, Тошкент ш. - 9:40 · 05.05.2022

Тошкентдан Фарғона водийсига қатновчи йўловчи поездлар ҳаракати тўхтатилди

Тошкентдан Фарғона водийсига қатновчи 60/59, 62/61-сонли йўловчи поездлар ҳаракати вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ хабар берди.

Фото: «Ўзбекистон темир йўллари»

Келтирилишича, Фарғона водийсида кузатилаётган ноқулай об-ҳаво шароити ва тоғли ҳудудларда кучли ёғингарчилик кузатилгани боис поездлар ҳаракат хавфсизлигини ҳамда йўловчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш режалаштириган. Шу сабабли 5 май куни Тошкент–Андижон–Тошкент йўналишида ҳаракатланадиган 60/59-сонли ҳамда 62/61-сонли йўловчи поездлар ҳаракати вақтинча, яъни бир кунга тўхтатилади. Йўловчиларга харид қилинган чипталари 100 фоиз микдорда қайтариб берилади.

Шунингдек, водий вилоятларида ҳаракатланадиган электропоездлар ҳаракат жалвалига ҳам ўзгартириш киритилади. «Қўшимча маълумотни Тошкент шаҳридаги 1005 қисқа телефон рақами, жойлардаги темирйўл кассалари ҳамда маълумотлар бюросидан билиб олишингиз мумкин», дейилган хабарда.

Аввалроқ Тошкентдан Бухорога қатнайдиган «Афросиёб» поездининг ҳаракати 1 кунга ўзгаргани хабар қилинганди. Шунингдек, Наманганда кучли ёмғир ёғиши оқибатида транспорт ҳаракати чекланган.