Жамият, Сурхондарё - 18:05 · 06.05.2022

«Бойсун баҳори» фестивали учун махсус чартер рейслар йўлга қўйилди

Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида ўтказиладиган «Бойсун баҳори» халқаро фольклор фестивали меҳмонларига янада қулайлик яратиш мақсадида 7 май куни Андижон–Термиз–Фарғона ва Нукус–Термиз–Нукус йўналишларида қўшимча чартер авиақатновлар йўлга қўйилди.

Фото: «Bugun.uz»

Туризм ва маданий мерос вазирлиги ахборот хизмати хабарига кўра, йўловчиларни Фарғона вилоятидан Андижон вилоятига олиб бориш учун автобуслар ҳам ажратилди.

Таъкидланишича, ушбу қўшимча рейслар Президентнинг 26 апрелдаги «Туризмни янада ривожлантириш, ички туризм бозорини кенгайтириш, туризм обектларини кўпайтириш ҳамда музейлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари»га бағишланган кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш, ҳудудларда ўтказилаётган оммавий тадбирларда сайёҳларга қўшимча шарт-шароитлар яратиш мақсадида вазирлик ташаббуси билан йўлга қўйилган.