Жамият - 23:56 · 06.05.2022

Британиялик фольклоршунос Ўзбекистон унга жуда ёқиб қолганини айтди

Буюк Британиялик фольклоршунос Ева Скалла Ўзбекистон унга жуда ёқиб қолганини айтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Фото: ЎзА

Маълум қилинишича, Сурхондарё вилояти Бойсун туманида 2022 йилнинг 7–8 май кунлари бўлиб ўтадиган «Бойсун баҳори» халқаро фольклор фестивалига дунёнинг турли давлатларидан келаётган хорижлик меҳмонлар тарихи узоқ ўтмишга бориб тақаладиган муқаддас обидаларни зиёрат қилмоқда. Халқаро фольклор фестивали кўрик-танловида иштирок этиб ўзининг ноёб санъатларини дунёга кенг тараннум этиш учун Буюк Британия ва Франциядан келган санъаткорлар ҳамда соҳа мутахассислари Термиз шаҳри ҳамда Термиз тумани бўйлаб саёҳат қилган.

Меҳмонлар дастлаб Термиз шаҳридаги «Азизбек» тўйхонасида ўтказилаётган келин-куёв тўйида қатнашган. «Санъат саройи»да бўлиб миллий ҳунармандлик маҳсулотлари кўргазмаси, Термиз археология музейи билан танишган. «Сурхон ипаги» корхонаси музейи ва бу ерда тўқилаётган миллий атлас, адрас каби матолар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотган.  Термизий мажмуаси ва Фаёзтепа археологик ёдгорликлари уларда ўзгача таассурот қолдирган.

Фото: ЎзА

«Менга Ўзбекистон жуда ёқиб қолди. Хивада ўтказилган ‘Лазги’ фестивалида бўлиб, Хоразм ва Бухородаги кўплаб тарихий обидаларни томоша қилдим. ‘Бойсун баҳори’га келиб шундай мафтункор юртни томоша қилаётганимдан баҳад мамнунман. Қадимий юртда яшаётган самимий одамларнинг меҳмондўстлиги таҳсинга лойиқ.

Ўзбеклар ҳамиша меҳмондўст бўлган. Лекин, мен бундай юксак даражада бўлишини кутмаган эдим. Қаерга бормайлик, бизни очиқ чеҳра билан самимий кутиб олишади. Айниқса, эрамиздан аввалги асрларга оид Фаёзтепа археологик ёдгорлиги менда бой таассурот уйғотди. Ўтмишда буддистлар барпо этган ступага таъзим қилиб, уни ўз қўлим билан ушлаб кўрдим. Узоқ тарихдан сўзлайдиган бундай ноёб ёдгорликни учратмаган эдим. Бойсун ҳам бизни ҳайратда қолдиришига ишонаман. Албатта, бу ҳақида “Бойсун баҳори” да учрашиб қолсак, мароқ билан гапириб берарман. Шундай нафис фестивални ташкил этган давлатингиздан миннатдормиз», —  дейди фольклоршунос Ева Скалла.

Франциялик санъаткор Бижан Етемад Могҳадамнинг сўзларига кўра, Термизга қўнган заҳоти улар  миллий куй-қўшиқлар оҳангида самимий чеҳра билан кутиб олинган.

«Меҳмонхонага жойлашгач, ёш келин-куёв тўйида қатнашиб, гўзал миллий қадриятларингизга гувоҳ бўлдик. Маҳаллий меҳмонлар билан рақсга тушдик. Ёшларга бахт тиладик. Миллий ҳунармандчилик буюмлари кўргазмаси ҳам бизга жуда ёқди. Тинч, осуда тарихий бу гўшада мароқли саёҳат қилиб, бой таассурот олаётганимиздан қувончимиз чексиз», — дейди санъаткор.

Аввалроқ Буюк Британиянинг «The Times» нашрида «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиб, Ипак йўли сирларидан хабардор бўлинг» номли мақола чоп этилганди. Шунингдек, Ўзбекистон 2022 йилда саёҳат қилиш учун энг яхши давлатлар қаторидан жой олган. Ҳамда, мамлакатнинг қайси ҳудудида энг кўп моддий-маданий мерос объектлари жойлашгани маълум қилинган.