Жамият, Жаҳон - 21:00 · 06.05.2022

Бугун оқшоми. Ўзбек–қирғиз чегарасидаги отишма, Шавкат Мирзиёев сурати билан чиқарил(ма)ган олтин тангалар, Путиннинг 9 май кунги тахминий баёноти

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Дайжестнинг биринчи қисмини фейк хабардан, тўғрироғи, уни рад қилишдан бошлаймиз. Шавкат Мирзиёев сурати туширилган олтин тангалар муомалага чиқарилмаган.

Фото: Telegram

Марказий банк Президентнинг сурати туширилган олтин тангалар муомалага чиқарилгани ҳақидаги хабарларни рад этди. Унга қўшимча қилинишича, Марказий банк томонидан юбилей саналар, тарихий ва замонавий даврнинг муҳим воқеаларига бағишланган қимматбаҳо металлардан тайёрланган тангалар муомалага чиқарилиб, улар тўғрисидаги маълумотлар расмий веб-сайтга жойлаштирилиб келинади.

Фото: Telegram

Шу сабабли сиздан асоссиз хабарларга ишонмасликни (устига устак, у суратли бўлса, бундай беўхшов сурат  чизилган (яъни, Президентнинг ўзига ўхшамаган) тангага шубҳа билан қарашни), уни текширишни ва албатта, тарқатмасликни ҳам сўраймиз (буни Марказий банк эмас, биз — «Bugun.uz» жамоаси айтяпмиз).

Ҳурматли қаршиликлар, агар қаршиликлар бўлмаса, ўз юртингларга қайтиб ҳам туринглар. Сизларсиз Тошкент–Қарши–Тошкент йўналишидаги «Афросиёб» қатнови ҳам тўхтатилди.

Фото: «Bugun.uz»

Тошкент–Қарши–Тошкент йўналишида ҳаракатланувчи «Афросиёб» поездларининг шанба ва якшанба кунлари амалга ошириладиган қатновлари 7 майдан бошлаб тўхтатилади. Йўналиш энди бошқачароқ тузилади: Тошкент–Шаҳрисабз–Тошкент.

Ҳаракат жадвалига кўра, Тошкент–Шаҳрисабз йўналишидаги поезд шанба ва якшанба кунлари соат 08:00 да Тошкент марказий вокзалидан, Шаҳрисабз–Тошкент йўналишидаги «Афросиёб» эса Шаҳрисабз темир йўл вокзалидан соат 15:40 да ҳаракатланади.

Ҳурматли китобликлар, ўз юртингларга қайтиб ҳам туринглар. Сизларсиз бозорларнинг томи ҳам учиб кетяпти (энди буниси ҳазил).

Қашқадарё вилояти Китоб туманида 6 май куни кузатилган кучли шамол деҳқон бозори томини учириб кетди (энди, у шамол одамни ҳам учириб кетиши мумкин, лекин одамнинг «томини» кеткизолмайди, аммо уни сақлаб қолиш учун кўпроқ туманни номини (китоб) ўқиб туриш керак).

Аниқланишича, шамол таъсирида Китоб деҳқон бозорининг 50 метр квадрат юзадаги том ёпмаси кўчиб тушган. Ушбу ҳолат бўйича туман ФВБга хабар келиб тушмаган. Бироқ қутқарув хизматидан 1 та бўлинма воқеа жойига етиб бориб, ҳолатни бартараф этиш юзасидан амалий ёрдам кўрсатилган. Ушбу вазиятдан ҳеч ким тан жароҳати олмаган.

Ўзбекистон чегарачилари 3 нафар қирғизистонликни отди. Улар шифохонада вафот этди. Ўзбекистон ДХХ расмий баёнот берди.

Наманган вилояти Янгиқўрғон туманидаги ўзбек–қирғиз чегарасида 5 май куни Ўзбекистон чегарачилари 3 нафар (1974, 1998, 2000 йилларда туғилган) Қирғизистон фуқаросини отди. Улар шундан сўнг Қирғизистондаги шифохонага ётқизилган ва ўша ерда вафот этган. Давлат хавфсизлик хизмати мазкур ҳолат юзасидан расмий баёнот берди.

Фото: «Sputnik»

Унга кўра, 5 май куни ўзбек–қирғиз чегарасининг Оқтом қишлоғи ҳудудидан ўтган қисмида бир гуруҳ номаълум шахслар томонидан Ўзбекистондан Қирғизистонга ноқонуний равишда кўп миқдордаги товар-моддий бойликларини олиб ўтилаётгани ўзбек чегара нарядлари томонидан кузатилган ва ушбу қонунбузарликни олдини олиш бўйича чоралар кўрилган.

Уларни қўлга олиш вақтида қоидабузарларнинг бир гуруҳи (улар кўпчилик бўлган) ўзбекистонлик хизматчиларга куч ишлатиб, қуролларини олиб қўймоқчи бўлган. Ушбу ҳолатда ҳарбий хизматчилар қонунчиликда белгиланган тартибда қурол қўллашга мажбур бўлган. Оқибатда 3 нафар шахслар яраланиб, уларнинг жиноий шериклари томонидан Қирғизистон ҳудудига олиб кетилган. Кейин юқоридаги сценарий содир бўлган.

Ҳолат юзасидан Ўзбекистоннинг тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари томонидан 6 май куни Жиноят кодексининг 223-моддаси (Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тошкентда 9 май — Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган байрам салюти отилади.

Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Тошкент шаҳридаги Ғалаба боғида 9 май — Хотира ва қадрлаш кунига бағишлаб соат 21:00 атрофида байрам салюти отилишини маълум қилди.

Фото: «Bugun.uz»

Шунингдек, байрам муносабати билан Мудофаа вазирлигида фронтдан келган мактубларни жамлаган «Аскар мактублари» ҳамда «Ватан фидойилари» китобларининг нусхалари тайёрланган. Мазкур китоблар 10 май кунигача чоп этилиши режалаштирилган.

Бошқа хабарлар пунктларда:

  • Сенат раиси Танзила Норбоева 2021 йилда 75 та мажбурий меҳнатга йўл қўйиш ҳолати аниқланганини маълум қилди. Уларнинг энг кўпи халқ таълими тизимида қайд этилган — 34 та;
  • Ўзбекистоннинг умумий давлат қарзи 2022 йил охиригача 8 миллиард долларни (ЯИМга нисбатан 37,8 фоиз) ташкил этиши прогноз қилинмоқда.

Хўш, оламда нима гап?

Украина томони Путин 9 майда Донбасс Россия ҳудудига қўшилганини эълон қилмоқчи эканини тахмин қилди.

Украина ички ишлар вазири маслаҳатчиси Вадим Денисенко Россия президенти Владимир Путин 9 май куни қандай баёнот билан чиқишини прогноз қилди. Унга кўра, ҳозирда Путиннинг 9 май куни Донбасснинг Россия ҳудудига қўшилиши ҳақидаги баёноти муҳокама қилинмоқда.

Фото: «РИА Новости»

Расмийнинг таъкидлашича, ҳозирда Кремлда иккита партия, қарор қабул қилувчи иккита таъсир гуруҳи мавжуд. «Улардан бири 9 май куни Донецк ва Луганск, ҳатто Херсон вилояти ва Запорожье яқинида босиб олинган ҳудудлар аннекция қилинишини эълон қилиш кераклигини айтмоқда.

Иккинчи гуруҳ эса агар аннекция амалга оширилса, Россия бўлажак музокаралар жараёнларида ʼқаршиликкаʼ эга бўлмаслигини айтган», — деган Денисенко.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.