Жамият - 19:12 · 06.05.2022

Электротехника жамғармасига 20 млрд сўм ажратилади

Шавкат Мирзиёев ҳузурида 6 май куни электротехника тармоғида фойдаланилмаётган имкониятлар ва янги захираларни сафарбар қилиш бўйича устувор вазифалар юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Таъкидланишича, йиғилишда экспорт ҳажмини 2023 йилда 1 миллиард долларга етказиш муҳимлиги қайд этилган.

«Мисол учун, биргина қўшни давлатлар йилига ўзимизда ишлаб чиқариш мумкин бўлган 6 миллиард долларлик электротехника маҳсулотларини импорт қилади.

Лекин, ушбу давлатлар импортида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар улуши 5 фоизга ҳам етмайди», — деди Президент.

Экспортни ошириш учун божхона ҳудудида қайта ишлаш тизимини маиший техника мисолида йўлга қўйиш топширилди.

Шунингдек, тайёр маҳсулот экспортини кенгайтириш учун Электротехника жамғармасига 20 миллиард сўм ажратилади.

Ички бозорга сифациз ва ноқонуний электротехника маҳсулотлари кириб келишининг олдини олиш мақсадида:

  • эски трансформаторларни импортига чек қўйишни;
  • маиший техникалар маркировкаси тизимини жорий этишни қатъий назоратга олиш вазифаси қўйилди.

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамаси 2021 йил 8 октябр куни «Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарорни қабул қилганди. Унга кўра, Ўзбекистонда электротехника соҳасига ҳар йили 10 миллион доллар ажратилиши белгиланган.