Жаҳон - 23:08 · 06.05.2022

Медведев ва Шойгуни сўроққа чақирган Украина, «Москва»ни чўктиришга «ёрдам берган» АҚШ ва рус нефтига эмбарго

Россия қўшинларининг Украина ҳудудларига бостириб кириши ортидан бошланган уруш 24 февралдан буён давом этмоқда. Қуйида 6 май куни содир бўлган можарога алоқадор асосий янгиликларни тақдим этамиз.

Фото: «РБК»

АҚШ оммавий ахборот воситалари Украина «Москва» крейсерини нишонга олишда АҚШ разведкаси маълумотларидан фойдалангани ҳақида хабар берди.

Крейсернинг чўктирилишига оид мазкур маълумотларни Қўшма Штатларнинг 4 та катта нашри: «NBC News», «The Washington Post» The New York Times ва CNN чоп этган.

Хабарларда АҚШ Украина крейсерга зарба беришини олдиндан билмагани ва зарба бериш қарорида иштирок этмагани ҳам ёзилган.

Пентагон матбуот котиби Жон Кирби эса мазкур хабарларга қуйидагича муносабат билдирган:

«Украиналиклар Россия ҳарбий-денгиз кучларининг кемаларини кузатиш ва нишонга олиш учун ўзларининг разведка имкониятларига эга, бу ҳолатда ҳам шундай қилишган».

Эслатиб ўтамиз, «Москва» крейсери 13 апрель куни чўкиб кетган эди. Украина ҳукумати ҳарбий кемага ракета билан зарба берилганини қайд этган. Россия Мудофаа вазирлиги эса кемада ёнғин чиққанини, унинг сабабларини аниқламаганини маълум қилган.

Украина Мариуполдан ва шу ҳудудда жойлашган «Азовсталь» заводидан 500 га яқин тинч аҳолини эвакуация қилди. Бу ҳақда мамлакат президенти девони раҳбари Андрей Ермак хабар берди.

Ермакнинг сўзларига кўра, Украина расмийлари одамларни эвакуация қилиш бўйича «мураккаб операциянинг навбатдаги босқичини амалга оширган». Шунингдек, сиёсатчи Бирлашган Миллатлар Ташкилотига операцияда ёрдам бергани учун миннатдорчилик билдирган. Ермакнинг қўшимча қилишича, «Азовсталь»дан одамларни эвакуация қилиш давом этмоқда.

Россия қўшинлари «Азовсталь»га қуруқликдан ҳужум қилишда давом этмоқда. Бу ҳақда Британия ҳарбий разведкасининг хабар берди.

Разведка Россиянинг завод ҳудудини назорат қилиш бўйича янги уриниши, эҳтимол, яқинлашиб келаётган Ғалаба байрамини нишонлаш ва Путиннинг Украинада рамзий муваффақиятга эришиш истаги билан боғлиқлигини қайд этган.

Таъкидланишича, заводга бостириб кириш Россияга шахсий таркиб, жиҳозлар ва ўқ-дорилар бўйича катта йўқотишлар келтирган ва мамлакат қўшинларининг Украина жанубидаги бир қисмини банд қилиб қўйган.

Венгрия бош вазири Виктор Орбан Европа Иттифоқининг Россияга қарши жорий қилган янги санкциялар пакетини қўллаб-қувватлашга тайёр эмаслигини айтди. Бу ҳақда «Bloomberg» хабар берди.

Орбан Россия нефтининг импортини тақиқлаш Венгрия иқтисодиёти учун «ядро бомбаси» бўлишини айтган.

Европа Иттифоқи 9 ой ичида Россия нефтига тўлиқ эмбарго жорий қилади. Бу ҳақда «ТАСС» хабар берди. Айтилишича, эмбаргонинг муддатини Европанинг Иқтисодий масалалар бўйича комиссари Паоло Жентилони эълон қилган.

Украина Бош прокуратураси Россия Хавфсизлик Кенгашининг бир қатор аъзоларига сўроқ қилиш учун чақирув варақалари юборди. Бу ҳақда «Медуза» хабар берди.

Маълум бўлишича, рус амалдорлари жиноятда гумонланувчилар сифатида эълон қилинган. 16, 17 ва 18 май кунлари сўроққа чақирилган шахслар орасида Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу, Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев, Давлат думаси спикери Вячеслав Володин, Федерация кенгаши раиси Валентина Матвиенко ҳам бор.

Украина Бош прокуратураси рўйхатдагиларни мамлакат ҳудудий яхлитлигига тажовуз қилиш иши бўйича гумонланувчи деб эълон қилган.

Қайд этилишича, Россия президенти Владимир Путинга чақирув қоғози жўнатилмаган. Бунга сабаб сифатида, Украина қонунчилигига кўра, мамлакат прокуратураси бошқа давлатлар президентларини гумондор деб эълон қила олмаслиги келтирилган.

Апрель ойида Россия нефть ва газдан кутилганидан 130 миллиард рубль камроқ даромад олди. Бу ҳақда «Медуза» хабар берди.

Маълум бўлишича, Россия бюджетида кутилаётган ва амалда олинган нефть ва газ даромадлари ўртасидаги фарқ 133,1 миллиард рублни ташкил этган. Россия Молия вазирлиги апрель ойида бюджетга 798,4 миллиард рубль миқдорида нефть ва газ даромадлари тушишини башорат қилган. Лекин бу ой давомида Россия нефть ва газ сотишдан 665 миллиард рублдан ортиқроқ даромад олган.