Жамият - 22:18 · 06.05.2022

Ўзбек–қирғиз чегарасидаги отишма юзасидан қўшимча маълумот берилди

Жалолобод вилоятининг Ала-Бука тумани Чанач-Сай ҳудудида Қирғизистон ва Ўзбекистон чегара вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизматига таяниб, «Sputnik» хабар берди.

Фото: «Anadolu Agency»

Маълум қилинишича, учрашув давомида томонлар уч қирғизистонликнинг ҳалок бўлиши билан боғлиқ ҳодисани муҳокама қилган.

Қирғизистон чегара вакили мамлакат ҳудудидаги давлат чегара чизиғидан 50–55 метр масофада патрон қутилари ва қон излари топилганини таъкидлаб, Ўзбекистон чегарачилари томонидан давлат чегарасини бузиш ҳамда Қирғизистон фуқароларига қарши қурол ишлатиш сабабларини тушунтиришни талаб қилган. Қирғизистонликлар ўлган жойдан 80 метр узоқликда 2000 килограмм селитра топилган.

Ўзбекистон вакилининг айтишича, уларнинг чегара хизмати чегарадан ноқонуний минерал ўғит олиб ўтиш билан шуғулланган фуқароларни аниқлаган. Вакилнинг сўзларига кўра, қирғизистонликларни қўлга олиш жараёнида улар ўзбек чегарачиларига тош отиб, ноқонуний минерал ўғитни Қирғизистон ҳудудига судраб ўтмоқчи бўлган. «Ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар фуқароларга қарши қурол ишлатишга мажбур бўлган», дейилади хабарда.

Учрашув якунида томонлар бир нечта масалалар юзасидан келишувга эришган:

  • чегарачиларнинг кўз ўнгида давлат чегарасини қасддан бузган ҳолда чегарачиларга қурол ишлатишни қатъиян ман этиш;
  • қирғиз–ўзбек чегарасида чегара қўшинларининг юриш-туриш чизиғини кузатиш бўйича томонлар шахсий таркиби билан қўшимча қўшма ўқув машғулотларини ўтказиш;
  • Ала-Бука ва Янгиқўрғон участкалари бўйича чегара вакиллари барча муаммоли ҳудудларда давлат чегарасини қўриқлашни ташкил этиш тартибини белгилаб, икки давлатнинг чегарадош ҳудудлари аҳолиси билан зиддиятли вазиятларнинг олдини олиш мақсадида тушунтириш ишларини давом эттириш.

Қайд этилишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари фожиа юзасидан суриштирув, суд-тиббиёт, суд-биологик ва суд баллистик экспертизаларини ўтказмоқда. Ала-Бука вилоят ички ишлар бошқармаси 3 нафар Қирғизистон фуқаросининг ўлдирилиши факти бўйича жиноий иш қўзғатган.

Эслатиб ўтамиз, Наманган вилояти Янгиқўрғон туманидаги ўзбек-қирғиз чегарасида 5 май куни Ўзбекистон чегарачилар 3 нафар Қирғизистон фуқаросини отгани хабар қилинганди. Шунингдек, Давлат хавфсизлик хизмати мазкур ҳолат юзасидан расмий баёнот берганди.

Bugun — LIVE