Наманган, Сиёсат - 15:08 · 06.05.2022

Ўзбекистон томони Қирғизистон билан чегарадаги отишма бўйича расмий баёнот берди

Наманган вилояти Янгиқўрғон туманидаги ўзбек-қирғиз чегарасида 5 май куни Ўзбекистон чегарачилар 3 нафар Қирғизистон фуқаросини отгани хабар қилинганди. Давлат хавфсизлик хизмати мазкур ҳолат юзасидан расмий баёнот берди.

Фото: «Kabar.kg»

ДХХ Чегара қўшинлари хабар беришича, 5 май куни ўзбек-қирғиз чегарасининг Оқтом қишлоғи ҳудудидан ўтган қисмида бир гуруҳ номаълум шахслар томонидан Ўзбекистондан Қирғизистонга ноқонуний равишда кўп миқдордаги товар-моддий бойликларини олиб ўтилаётганлиги ўзбек чегара нарядлари томонидан кузатилган ва ушбу қонунбузарликни олдини олиш бўйича чоралар кўрилган.

Чегара наряди томонидан Давлат чегараси бузғунчиларини қўлга олиш вақтида, қоидабузарларнинг бир гуруҳи ҳарбий хизматчиларга нисбатан қаршилик кўрсатиб, куч ишлатиб, тан жароҳатлари етказган ва қуролларни олиб қўйишга ҳаракат қилган. Ушбу ҳолатда ҳарбий хизматчилар қонунчиликда белгиланган тартибда қурол қўллашга мажбур бўлганлар. Оқибатда 3 нафар шахслар яраланиб, уларнинг жиноий шериклари томонидан Қирғизистон ҳудудига олиб кетилган.

Ҳодиса тафсилотларини аниқлаш мақсадида, 5 май куни зудлик билан Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг ҳудуд бўйича чегара вакиллари ўртасида учрашув ўтказилди. Шунингдек, 6 май куни Фарғона водийси йўналиши бўйича ва Қирғизистоннинг Жалол-обод вилояти бўйича чегара вакилларининг учрашуви бўлиб ўтди. Ҳозирда ҳар икки томон ҳолат бўйича текширувларни давом эттирмоқда, чегарада вазият барқарор, дейилади хабарда.

Ҳолат юзасидан Ўзбекистоннинг тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари томонидан 6 май куни Жиноят кодексининг 223-моддаси (Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 5 апрель куни ўзбек–қирғиз чегарасида ноқонуний юк олиб ўтаётган икки нафар Қирғизистон фуқароси ҳалок бўлганди.