Жамият, Илм-фан - 14:11 · 06.05.2022

Ўзбекистонда 2022 йилда реставрация қилинадиган обидалар рўйхати шакллантирилди

Ўзбекистонда 2022 йил давомида асрашга доир ишлар амалга ошириладиган моддий маданий мерос кўчмас мулк oбъектларининг манзилли рўйхати тасдиқланди. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги матбуот хизмати «Bugun.uz»га хабар қилди.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, ушбу рўйхатдан жами 34 та маданий мерос объекти ўрин олган ва уларни таъмирлаш-тиклаш ишлари учун жами 75 миллиард сўм сарфланиши режалаштирилган. Анъанавий равишда ҳар йили республика бўйича авария ҳолатидаги ёки эътибордан четда қолган маданий мерос обектларини реставрация ва таъмирлаш-тиклаш ишлари учун миллий рўйхат шакллантирилади.

Хусусан, 2022 йилги рўйхатга кўра, кўплаб танқидларга сабаб бўлган Баҳодир Ялангтўшбий мадрасаси, Талипоч қалъа қолдиқлари, Улуғбек мадрасаси, Амир Олимхон мадрасаси, Кўк гумбаз, Оқ Сарой, Ислом Хўжа ёзги қароргоҳи, Чодра ҳовли каби обектларда реставрация ишлари олиб борилиши режалаштирилган.

«Шунингдек, Бухоро Арк қўрғони мажмуасидаги Қушбеги, Саисхона, Саломхона, Тахтхона маданий мерос обектларида таъмирлаш тиклаш ишлари олиб борилади. Энг эътиборга молик лойиҳалардан бири эса — Арк қўрғони мажмуаси вайроналари қисмида Археологик парк ташкил қилиш бўлиб турибди.

Бухоро шаҳридаги Масжиди Калон (Пои Калон мажмуаси) қулаб тушган қисмлар ва таъмирталаб деворларини таъмирлаш-қайта тиклаш, атрофини ободонлаштириш ишларини ҳам 2022 йилнинг IV чорагида амалга ошириш режалаштирилган», дейилади хабарда.

Таъкидланишича, моддий маданий мерос кўчмас мулк обектларида амалга ошириладиган асрашга доир ишлар учун зарур бўлган маблағлар миқдори лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида аниқланади. Асрашга доир ишлар тегишли Маданий мерос объектлари реставрация дирекцияси томонидан амалга оширилади.

Зарур ҳолларда мазкур манзилли рўйхатга Маданий мерос агентлиги таклифлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Маданий меросни ҳимоя қилиш инспекцияси хулосасига кўра бош вазир ўринбосари — туризм ва маданий мерос вазири томонидан ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳридаги Чорсу бозорида 1 май куни таъмирлаш ишлари сабаб уч гумбаздан бири йўқолиши мумкинлиги айтилганди. 5 май куни Маданий мерос агентлиги илмий эксперт кенгаши мутахассислари журналистлар иштирокида реконструкция ишларининг маданий мерос объектларига таъсирини ўрганиш ишларини олиб борган.