Жамият - 11:30 · 06.05.2022

Ўзбекистонда дам олиш кунлари кузатиладиган об-ҳаво маълумоти эълон қилинди

«Ўзгидромет» хизмати дам олиш кунлари кузатиладиган об-ҳаво маълумотини эълон қилди.

Фото: «Bugun.uz»

Унга кўра, шанба ва якшанба кунлари республика ҳудудининг катта қисмида қуруқ ва жуда илиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. 8 май куни кундузги ҳаво ҳарорати 30–35 даражагача кўтарилади. Фақат республиканинг шимолий ҳудудлари Кавказ ҳуддуларидан кириб келган нам ҳаво массаси таъсири остида бўлади. Қорақалпоғистонда ва Хоразм вилоятида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.

9–10 май кунлари нам ҳаво массаси мамлакатнинг барча ҳудудларини қамраб олади. Республика бўйича баъзи жойларда қисқа муддатли момақалдироқли ёмғир ёғади. 9 май куни Қорақалпоғистонда, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида, 10 майда республика ҳудудининг катта қисмида кучли жала ёмғирлар ёғиши мумкин. Кундузги ҳаво ҳарорати 30–35 даража атрофида бўлади.

Келтирилишича, 8 майда шимолда ва чўл ҳудудларда, 9–10 майда республика бўйича баъзи жойларда шамол 15–20 метр/секундгача, шимолда ва чўл ҳудудларда 22–25 метр/секундгача кучайиши кутилмоқда, айрим жойларда чанг тўзонлари кузатилиши мумкин.