Жамият - 11:09 · 06.05.2022

Ўзбекистонда ногиронлиги борларнинг солиққа тортилмайдиган даромад миқдори оширилди

Ўзбекистонда ногиронлиги бўлганлар шахсларнинг солиққа тортилмайдиган даромади миқдори ўзгартирилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Келтирилишича, тегишли қонун билан Солиқ кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритилган. Унга кўра, вақтинчалик солиқ имтиёзларига, Президент ёки ҳукумат қарорларида юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи ҳамда юридик шахсларнинг ер солиғидан тўлиқ озод қилиш имтиёзига эга солиқ тўловчилар мазкур солиқларни 1 фоизи миқдорида тўлайди (мазкур тартиб 3 ойдан сўнг кучга киради).

Фойда солиғини ҳисоблашда Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фондига хайрия қилинган маблағлар солиқ базасини аниқлашда чегириб ташланади. Болаликдан ногирон бўлганлар, шунингдек I ва II гуруҳ ногиронларининг меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари (2 миллион 466 минг сўм) миқдоридаги маблағлари даромад солиғига тортилмайди (илгари МҲТЭКМнинг 1,41 баравари эди – 1 миллион 159 минг сўм).

Ушбу тартиб 2022 йил 1 мартдан юзага келган муносабатларга нисбатан ҳам татбиқ этилади. Янги барпо этилаётган боғлар, токзорлар ва тутзорлар эгаллаган ерлар 5 йил муддатга ер солиғидан озод қилинади. Илгари 3 йил эди. Ушбу тартиб 2022 йил 1 январдан эътиборан юзага келган муносабатларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда айрим ногиронлиги бўлганларга нафақа билан бирга стипендия ҳам берилиши ҳақида хабар қилинганди.