Жамият - 15:41 · 06.05.2022

«Президент сиёсатига мутлақо зид ҳолат бу» — Сенат раиси

Олий Мажлис Сенатида 6 май куни Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг навбатдаги йиғилишида 2021 йилда қайси соҳаларда мажбурий меҳнатга йўл қўйилгани ҳақида маълумот берилди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Маълум бўлишича, Сенати раиси Танзида Нарбаева бошқарган мажлисда 2021 йил давомида давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўтказилган ўрганишлар натижасида 75 та мажбурий меҳнатга йўл қўйиш ҳолати аниқлангани танқид қилинган. Хусусан,

  • халқ таълими тизимида 34,
  • соғлиқни сақлаш тармоғида 9,
  • транспорт соҳасида 5,
  • ободонлаштириш корхоналари тизимида 6,
  • тадбиркорлик ва қурилиш соҳасида 5,
  • ва банк ва молия соҳасида 4 ҳолат қайд этилган.

Шунингдек, 5 ҳолатда туман, шаҳар ҳокимликлари мутахассислари аралашуви билан мажбурий меҳнатга йўл қўйилган.

«Айрим мутасадди раҳбарлар ҳали ҳам эскича фикр, эскича қарашлар билан юрганлиги ачинарли, албатта. Қачонгача тушунтириш ишларини олиб бориш керак? Президент томонидан олиб борилаётган сиёсатга мутлақо зид ҳолат бу. Ушбу ҳолат жойига чиқиб ўрганилди ва университетнинг мутасадди ходимларига нисбатан интизомий чоралар ҳам кўрилди.

Аммо бир нарсани яхши англаб олишимиз керак, биз бундай ҳолатларни қоралаймиз, битта ҳолат бўлса ҳам – бу жиноят. Шунинг учун бу каби ҳолатларга тўлиқ барҳам бериш, мутасадди раҳбарлар масъулиятини янада ошириши керак», — дея таъкидлади Танзила Норбоева.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сенат раиси одам савдоси билан боғлиқ жиноятларни аниқлаш ишлари бир йилда қанчага ортганини айтганди.