Жамият - 12:19 · 06.05.2022

Қашқадарёда кинофильмлар намойиши, иншолар танлови ва маданий тадбирлар ўтказилмоқда

Қашқадарё вилоятига маданият ва санъат намояндалари, жумладан, таниқли киноижодкорлар ташрифи уюштирилди. Тадбирлар Шавкат Мирзиёев ташаббусига мувофиқ Қашқадарё вилоятидаги маҳаллаларда маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш мақсадида ташкил этилди.

Фото: Кинематография агентлиги ахборот хизмати

Кинематография агентлиги Халқ таълими вазирлиги, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Маънавият ва маърифат маркази ва бошқа ташкилотлар вакиллари билан биргаликда режалаштирилган тадбирларда фаол иштирок этиб, «маҳаллабай» тизими доирасида ижодий учрашувлар ўтказмоқда.

Ҳар бир маҳаллада «Киноклуб» ихтисослаштирилган автотранспортлари ёрдамида янги миллий филмлар намойиши ташкил этилмоқда. Қашқадарёлик ҳамкасблар сафига республиканинг барча ҳудудларидан киноижодкорлар қўшилмоқда.

— Биз Қашқадарё вилоятининг чекка ҳудудларида, маҳалла, гузарлар, аҳоли яшаш пунктларида Кинематография агентлиги буюртмасига биноан суратга олинган янги кинокартиналаримизнинг намойишларини ўтказмоқдамиз. Шунингдек, ўзбек киносининг олтин фондидан жой олган миллий филмлар ҳам тақдим этилмоқда. Ўзбек халқи ушбу киноасарларни илиқ кутиб олишмоқда, — дейди Кинематография агентлиги Самарқанд вилояти ҳудудий бўлим бошлиғи Фармон Розиқов.

Қашқадарё вилоятида юртимиздаги бир қанча санъаткорлар ва ижодкорлар иштирокидаги маданий-маърифий тадбирлар бошланиб улгурди. Кинематография агентлиги ҳам мазкур тадбирларга жалб этилган таниқли киноижодкорлардан иборат «Маърифат карвони»да фаол иштирок этмоқда.

— Бу каби тадбирлар нафақат киномухлислар, балки санъаткорлар учун ҳам катта мотивасия бўлади. Яхши кинофилмларнинг тарғиботи, жонли ижодий учрашувлар, айниқса, ўзаро мулоқотлар орқали «Янги Ўзбекистон» шукуҳини ҳис этиш, мамлакатимизда бўлаётган ижодий ўзгаришларни мазмун моҳиятини янада чуқурроқ англашга замин яратади, — дея сўзлади Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Ўзбекистон Киноарбоблари ижодий уюшмаси раиси Матёқуб Матчонов.

Кеча вилоятнинг Қарши шаҳрида, Яккабоғ тумани Саховат уйида, Нишон туманида, Қарши санаториясида кўнгилочар тадбирлар, ижодий учрашувлар бўлиб ўтди. Шунингдек, Нишон туманида киноижодкорлар, ёзувчилар, зиёлилар ва эстрада юлдузлари билан ёшлар ўртасида киновикториналар ва кино санъатига оид давра суҳбатлари ўтказилди. Фаол иштирокчиларга китоблар ва бошқа эсдалик совғалари тақдим этилди.

Шу билан бирга Президентимиз ташаббуси билан 1 минг 200 дан ортиқ мактабнинг 8-11-синф ўқувчилари ўртасида «Менинг киноқаҳрамоним» мавзусида иншолар танлови ўтказилмоқда. Киноижодкорлар мактабларда намойиш этиш учун «Илҳақ», «Ўткан кунлар», «Матонат мактаби» ва «Абдулла Орипов» филмларини олиб келишган. Филмларни томоша қилгандан сўнг ўқувчилар томонидан ижодий ишлар ёзилади, улар аввал туман, кейин эса вилоят босқичида баҳоланади. Ғолиблар махсус совғалар билан тақдирланади.

— Киноижодкорларга эътибор керак, халқнинг олқиши ва меҳри керак. Мана шундай тадбирларда биз ана шу меҳрни ҳис этамиз. Бугун Президент ташаббуси билан Қашқадарёга ташриф буюрдик, бу ерда бир қатор ижод вакиллари билан маҳаллалардаги учрашувларда иштирок этиб, ўзбек санъати, айниқса, миллий киномизни тарғиботи билан машғул бўламиз. Бу бизга янада ғайрат ва илҳом бағишлайди, — дея сўзлади Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шоҳида Узоқова.

Қарши шаҳридаги «Шайх Али» маҳалласида жойлашган 18 сонли Мурувват уйида Кинематография агентлиги буюртмасига биноан суратга олинган режиссёр Муҳаммадали Искандаровнинг «Мен террорчи эмасман» филми намойиш этилди.

— Қашқадарё вилоятидаги маҳаллаларда миллий маданиятимиз ва санъатимизни оммалаштиришга қаратилган тадбирлар ўйлайманки, юқори савияда ўтади. Биз кино ва театр ижодкорлари бу борада халқимиз хизматига бел боғлаб келдик. Ҳар бир маҳаллада миллий филмларимизни севиб томоша қиладиган, яхши киноасарларга бефарқ бўлмаган юртдошларимиз учрайди. Вилоятга сафаримиз орқали ана шу инсонлар билан жонли мулоқотлар уюштириб, миллий филмларимизни биргаликда томоша қиламиз. Бу ҳам биз ижодкорлар учун янада илҳом бағишлайди, — дейди таниқли киноактёр Хуршид Тўхтаев.

Ташриф доирасида кинорежиссёрлар томонидан иқтидорли ёшларни аниқлиш, истеъдодини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида кастинглар ва видеопробалар ташкил этиш режалаштирилган.

— Сўнгги йилларда кўплаб янги филмлар яратилмоқда, шу сабабли давлатимиз раҳбари томонидан ана шу маърифий филм лойиҳаларини ҳар бир маҳаллага, ҳар бир аҳоли қалбига етказиш вазифаси юклатилмоқда. Тадбирларимиздан кўзланган асосий мақсад ҳам шундан иборат. Ўйлайманки, Қашқадарёнинг ижобий тажрибаси тез орада бутун республика бўйлаб тарқалади, — дея таъкидлади Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов.